2026 йил 3 феврал куни Ҳиро маданий туманидаги Қуръон музейида 312 х 220 см ўлчамдаги ва 700 саҳифадан иборат дунёдаги энг катта Қуръони Карим намойиш этилди. Музейдаги ушбу Қуръон дунёдаги энг катта мусҳаф сифатида Гиннеснинг рекордлар китоби сертификатини қўлга киритди.
Ушбу Қуръон ҳижрий 10 аср, милодий 16 асрга оид тарихий қўлёзманинг катталаштирилган нусхаси бўлиб, унинг асл ўлчами 45 х 30 см эди. Унинг суралари сулс хатида, Фотиҳа сураси эса насх ёзувида ёзилган бўлиб, ўша даврдаги хаттотликнинг пухта танланганлигини ва ушбу соҳанинг нафосатини акс эттирувчи ўзига хос мусҳафдир.
Мусҳаф араб хаттотлиги, зарҳаллаш ва муқовалашнинг ноёб намунаси бўлиб, унда ислом санъатининг жозибаси нафис нақшлар, гулли ва сарлавҳа саҳифалари ҳамда мусҳафнинг номи битилган саҳифаларидаги қуёшсимон шакллар орқали намоён бўлади. Бу эса ўша даврда ҳукм сурган бадиий ижодкорликнинг юксак даражасини ифодалайди.
Қайд этилишича, ушбу мусҳаф ҳижрий 1300 йил, милодий 1883 йилда вақф қилинган бўлиб, унинг асл нусхаси бугунги кунда Қирол Абдулазиз номидаги вақф қилинган асарлар академиясида сақланмоқда.
Намойиш этилган ушбу мусҳаф мусулмонларнинг Аллоҳнинг Каломига ва ислом санъати дурдоналарига бўлган эътиборининг тарихий шоҳидидир.
Islom.uz
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Оқ масжид» жоме масжидининг янги биноси пойдеворига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, туман имом-хатиблари, маҳалла фаоллари ва кўп сонли намозхонлар иштирок этди.
Йиғилганлар мазкур эзгу ташаббуснинг бардавом бўлишини, қурилиш ишларининг кўнгилдагидек, бехатар ва тез фурсатларда якунланишини тилаб, Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб дуолар қилдилар.
Таъкидланганидек, янги бино қад ростлаши натижасида ҳудуд аҳолиси ва масжид қавми учун янада кенг, қулай ва замонавий шароитлар яратилади.
Шунингдек, масжид қурилишига холис ҳисса қўшаётган барча саховатпеша юртдошларимиз ҳамда қурувчи-мутахассислар ҳаққига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати