Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Рамазон ойи олдидан луқмани ҳалоллаш мақсадида балиқ еб олиш керак деган мазмунда видео кўриб қолдим. Ростдан ҳам шундай тавсиялар борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Минг афсуски, айрим ҳолларда обуначини кўпайтириш мақсадида динда йўқ бўлган маълумотларни тарқатадиганлар ҳам учраб туради. Шунинг учун мусулмон киши доимо динига оид ҳукмларни ким айтаётганига эътибор қаратмоғи лозим экан.
Рамазон олдидан балиқ ейиш ҳақидаги гап-сўзлар ҳам ана шу асоссиз маълумотлар сирасига киради. Тўғри, халқимиз орасида “Балиқ луқмаи ҳалол” деган гап бор. Аммо унинг маъноси балиқ инсон организмида аввал ейилган шубҳали нарсаларни ҳалоллайди, дегани эмас, балки балиқ бошқа ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, унинг ўлиб қолганини ҳам еса бўлади, деганидир. Зеро бу борада келган ҳадиси шарифлар ҳам ушбу мазмунга далолат қилади.
Жумладан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик; балиқ ва чигирткадир. Икки қон бўлса, жигар ва қора талоқдир”, дедилар (Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилган).
Фақатгина ўлиб қолган балиқлар ичида ҳеч қандай ташқи омилсиз, бесабаб ўлиб қолганини еб бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати