#xabar #musobaqa
Бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Шайхонтоҳур спорт мактаби спорт залларида диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичига расман старт берилди.
Мазкур босқичда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари томонидан ўтказилган саралаш мусобақаларида ғолиб бўлган жамоа ва иштирокчилар, уларнинг мураббийлари ва ҳакамлар, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари вакиллари ҳамда вилоят бош имом-хатиблари иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, ушбу мусобақа республика бўйлаб диний соҳа вакилларини бир майдонга жамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани, динимиз спорт билан шуғулланишга чақиришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, беллашувлар манфаатли ва баракали ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мусобақалар Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари тасдиқлаган тартиб-қоидалар асосида нимчорак финал, чорак финал, ярим финал ҳамда финал босқичлари кўринишида ўтказилмоқда. Финал учрашувлари эса 10 февраль куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари жамоалари ўзаро беллашмоқда.
Мусобақа янгиликлари ва тафсилотларини каналимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Исмлари Зурора ибн Авфо Омирий Ҳароший, кунялари Абу Ҳожиб, яшаган жойлари Басра бўлиб, Басра шаҳрининг қозиси бўлганлар. Обид ва ишончли кишилардан эдилар. Ҳижрий 93 йилда Басрада вафот этганлар.
Абу Жаноб Қассоб айтади: “Бир куни Зурора ибн Авфо Қушайр масжидида бизга имомлик қилди.
“Ва қачонки дудга пуфланса” (Муддассир сураси, 8-оят) оятига етганда, жони узилиб, ерга йиқилди. Уни кўтарганлар орасида мен ҳам бор эдим”.
Солиҳ Муррий айтади: “Зурора ибн Авфони вафотларидан кейин тушимда кўрдим. У кишига: “Аллоҳ сизни раҳматига олсин! Сиз ҳақингизда нима дейилди?” дедим. У киши мендан юзларини бурдилар. Кейин мен у кишидан: “Аллоҳ сизни нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у киши менга яқин келдилар ва: “Мен билан фазли, жувди, карами ила муомала қилди” деб жавоб бердилар. Мен яна у кишидан: “Сизнинг наздингизда қайси амал афзалроқ ва етукроқ” деб сўрасам, “Ризо ва орзуни қисқа қилиш” деб жавоб бердилар”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан