Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Феврал, 2026   |   22 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:05
Қуёш
07:25
Пешин
12:42
Аср
16:08
Шом
17:54
Хуфтон
19:08
Bismillah
10 Феврал, 2026, 22 Шаъбон, 1447
Янгиликлар

09.02.2026   974   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳ таолога муҳаббатнинг икки асосий сабаби

09.02.2026   876   4 min.
Аллоҳ таолога муҳаббатнинг икки асосий сабаби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир савол туғилиши мумкин. Нима учун қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббати бўлиши керак? Унинг сабаблари борми? Бунинг икки асосий сабаби бордир.

Биринчи сабаб. Ҳаммага маълум бўлган одат шуки, қайси кишига бировдан яхшиликлар етса, меҳрибонликлар кўрсатилса, у киши ўзининг яхшилик қилувчи меҳрибонидан бениҳоя мамнун бўлади. Уни яхши кўриб қолади.

Дўстим! Ахир, биз Аллоҳ таолонинг неъматларини сон-саноғига ета олмаймиз. У зотнинг бизга берган неъматларини фикрлаб кўрайлик.

﴿إنْ تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَآ﴾

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар» (Иброҳим сураси, 34-оят).

Энди, бир ўйлаб кўринг. Бирор киши ёмғир томчиларини санай оладими? Денгиз қатраларининг миқдорини биладими? Бутун дунё дарахтларининг баргларини ҳисоблаб чиқишга қурби етадими? Осмон юлдузларининг саноғини-чи? Бу саволларга жавоб бериш жуда мушкул. Лекин биродарим! Агар осмон юлдузларининг сонини, денгиз қатраларининг миқдорини билиш мумкин деб эътироз қилинса ҳам, камина ожиз шуни ишонч ва қатъият билан айтаманки, Аллоҳ таолонинг неъматлари саноғига етиш инсон зоти учун имконсиздир.

Агар Парвардигоримиз кўриш қобилиятини бермаганида, биз ҳеч бир нарсани кўра олмас эдик. Агар У зот бизга нутқ бермаганида, гапира олмасдик. Агар Аллоҳ таоло бизга эшитишни бермаганида, биз кар, ҳеч нарсани эшитмасдик. Агар У зот бизга оёқлар бермаганида, юролмасдик.

Азизлар! Булар Аллоҳ таолонинг биз бандаларига берган иззат-икромидир. Токи биз иззат-икром билан ҳаёт кечирайлик. Ёки бирор киши бу ўзимнинг фазилатим, деб айта оладими? Йўқ, бу фазилат берувчи фазл соҳибининг инъомидир. Агар У зот ўз фазлидан бизга неъмат ато этмаса, биз ўзимиз уни ҳосил қила олмаймиз. Биз Ўз неъмат берувчимизнинг муҳаббатини қалбимизга жойлайик, Унинг ҳукмларига мувофиқ ҳаёт кечирайлик.

Иккинчи сабаб шуки, Аллоҳ таоло қодири мутлақ ва нимани хоҳласа ўшани машаққатсиз амалга оширувчидир.

﴿فَعَّالٌ لِّمَا يُرِيدُ﴾

«У нимани хоҳласа, қила олувчи Зотдир» (Буруж сурааси, 16-оят).

Кўрмайсизми? Нуҳ алайҳиссалом ўз фарзандларини сувда ғарқ бўлмаслигини хоҳлар эдилар, лекин улар ғарқ бўлди. Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга тайёр эдилар.

﴿فَلَمَّآ أَسْلَمَا وَ تَلَّهُ لِلْجَبِينِ﴾

«Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида» (Соффат сураси, 103-оят).

Ота ўз ўғлини қурбон қилишни хоҳлади, ўғил ҳам қурбон бўлишга тайёр эди. Лекин Аллоҳ таоло бундай бўлишини истамади. Аллоҳнинг изни билан ҳайвон қурбонлик қилинадиган бўлди.

Аллоҳнинг маҳбуби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз амакилари Абу Толибнинг имон келтиришини жуда-жуда хоҳладилар. Бунинг учун кўп ҳаракат қилдилар. Ҳатто Абу Толиб амакиларининг ўлими пайтида: “Эй амакижон! Қулоғимга бир маротаба калимаи шаҳодатни айтинг. Қиёмат куни мен сизнинг имонингизга гувоҳлик бераман”, дедилар. Лекин Аллоҳ таоло буюрдики:

﴿إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَ لَكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَنْ يَشَآءُ وَ هُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ﴾

«Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи Зотдир» (Қасос сураси, 56-оят).

Яна бир мисол. Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асал емайман, деб қасам ичдилар. Лекин Аллоҳ таоло бундай бўлишини хоҳламади ва буюрдики:

﴿يَأَيُّهَا النَّبِيُّ لِمَ تُحَرِّمُ مَآ أَحَلَّ اللَّهُ لَكَ تَبْتَغِي مَرْضَاتَ أَزْوَجِكَ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ﴾

«Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилурсан! Аллоҳ кўп мағфират қилувчи ва раҳмлидир» (Таҳрим сураси, 1-оят).

Азизлар! Анбиёллар алайҳимуссалом ва анбиёларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳиши олдида ожиз эдилар. Демак, қодири мутлақнинг хоҳиши ва изни билан ҳаёт кечираётган эканмиз, нима учун қалбимиз У зотнинг муҳаббати ила лиммо-лим тўлмасин?

"Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси

Мақолалар