Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биринчи атиргул: Эсланг, Роббингиз истиғфор айтганларни кечиради ва тавба қилганларнинг тавлабаларини қабул қилади.
Иккинчи атиргул: Заифларга раҳм қилинг бахтли бўласиз, муҳтожларга ёрдам беринг орзуларингиз амалга ошади ва ғазаб ортидан эргашманг омонда бўласиз.
Учинчи атиргул: Яхшилик умидида бўлинг, Аллоҳ сиз билан. Фаришталар сизга истиғфор айтмоқда ва жаннат сизни кутмоқда.
Тўртинчи атиргул: Роббингиз хусусида чиройли гумон қилиб кўз ёшларингизни артинг ва Аллоҳ сизга берган неъматларни эслаб, ғамларингизни қувғин қилинг.
Бешинчи атиргул: Дунё бирор киши учун мукаммал бўлмаган. Ер юзида бирор киши барча хоҳлаган нарсасига эришиб, ҳар қандай ғам-ташвиш уни четлаб ўтган деб ўйламанг.
Олтинчи атиргул: Худди хурмо дарахти каби ҳиммати олий, азиятлардан йироқ ва тош отилса мевалари тўкиладиган бўлинг.
Еттинчи атиргул: Маҳзунлик ўтган нарсани қайтаришини ва ғам чекиш хатони тўғирлашини эшитганмисиз? Шундай экан, маҳзунлик ва хафаликнинг нима кераги бор?!
Саккизинчи атиргул: Қийинчилик ва синовларни кутманг, омонлик, саломатлик ва офиятни кутинг. Иншааллоҳ у келади.
Тўққизинчи атиргул: Сизга ёмонлик қилганларга афв эълон қилиб, қалбингиздаги барча адоват ва нафратни ўчириб ташланг.
Ўнинчи атиргул: Ғусл, таҳорат, хушбўйлик, мисвок қилиш ва тартиб барча хафалик ва сиқилишни енгувчи малҳамдир.
Доктор Оиз Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати