Илоҳий муҳаббатнинг аломатларидан бири шуки, Аллоҳ таоло кимни севса, биз ҳам уни яхши кўришимиз лозим. У зот кимни душман тутса, биз ҳам уни душман деб билишимиз лозим. Ҳадиси муборакда Абу Умома Боҳилийдан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ йўлида яхши кўрса ва Аллоҳ йўлида нафрат қилса ва Аллоҳ учун (садақа) берса, ва Аллоҳ учун ман қилса, дарҳақиқат, иймонини комил қилибди”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Табароний ривояти).
Бу ҳадисдан олинадиган хулосалардан бири шуки, токи қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббати бўлмас экан, имоннинг ҳақиқий лаззатини ҳис қилиб бўлмайди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий раҳимаҳуллоҳнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати