#xabar #shaxmat #final
Хабар берганимиздек, “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” спорт мусобақаларининг шахмат тури бўйича финал баҳслари юқори савияда, қизғин ва муросасиз руҳда кечди.
Мусобақа якунларига кўра, ғолиблар қуйидагича бўлди:
1-ўрин — Тошкент вилояти вакили Абдулазизхон домла Аҳмадхўжаев.
2-ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси вакили Абдулкабир домла Идрисов.
3-ўрин — Фарғона вилояти вакили Ниёзбек домла Пайғамов.
Республика босқичи натижаларига биноан биринчи ўрин соҳиби I даражали диплом ҳамда замонавий ноутбук, иккинчи ўрин соҳибига II даражали диплом ва смарт телевизор, учинчи ўрин ғолибига эса III даражали диплом ҳамда планшет топширилди.
Аллоҳ таоло ғолибларга мукофотларни муборак айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати