Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан ташкил этилаётган доимий қабуллар аҳолининг диний-маърифий ва ижтимоий масалаларини ҳал этишда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун, 11 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида масжидлар ободлиги, оилавий муносабатлар ва ижтимоий кўмак сўровлари атрофлича кўриб чиқилди.
Қабулда фуқароларга шаръий масалалар бўйича зарур тавсиялар берилиб, моддий ёрдамга муҳтож кишиларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби фуқаролар қабуллари юртимизнинг барча ҳудудларида — ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#taziya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Комилжон Раҳимовнинг падари бузруквори Раҳматжон ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Комилжон Раҳимовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz