Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан ташкил этилаётган доимий қабуллар аҳолининг диний-маърифий ва ижтимоий масалаларини ҳал этишда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун, 11 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида масжидлар ободлиги, оилавий муносабатлар ва ижтимоий кўмак сўровлари атрофлича кўриб чиқилди.
Қабулда фуқароларга шаръий масалалар бўйича зарур тавсиялар берилиб, моддий ёрдамга муҳтож кишиларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби фуқаролар қабуллари юртимизнинг барча ҳудудларида — ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати