"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан Саудия Арабистонининг Подшоҳ Салмон номидаги кўмак ва хайрия ишлари маркази ҳадя қилган озиқ-овқат маҳсулотлари юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги эҳтиёжманд оилаларга етказилмоқда.
Хусусан, фонднинг Фарғона вилояти филиали ходимлари ва кўнгиллилари анклав ҳудудлар — Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари, Сўх тумани ҳамда Риштон туманининг Чўнғора қишлоғида бўлишди. Мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 410 та оилага Рамазон совғалари топширилди.
Аллоҳ ушбу саховат тадбирларида жонбозлик кўрсатаётганлар, хорижий ҳамкорлар ва барча ҳомийлардан рози бўлсин!
Vaqf.uz
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати