Биринчи гул: Хушбўй гуллари ва мевали шохлари бор хурмо дарахти каби бўлинг.
Иккинчи гул: Инсонларнинг айбларини ошкор қилиш ва уларни тўплашга вақтингиз бўлмасин.
Учинчи гул: Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан қўрқасиз? Агар У зот сизга қарши бўлса кимдан умид қиласиз?
Тўртинчи гул: Ҳасад инсон танасини емиради, рашкнинг кўпайиши эса тўхтатиб бўлмас олов кабидир.
Бешинчи гул: Бугун тайёрланинг, захира йиғинг. Чунки эртанги кун сизнинг мулкингиз эмас.
Олтинчи гул: Жанжал ва бекорчиликлардан узоқлашинг.
Еттинчи гул: Хулқингиз ила чиройли боғу бўстонлардан ҳам гўзал бўлинг.
Саккизинчи гул: Яхшиликни ёйинг, шунда сиз у ила инсонларнинг энг бахтлисига айланасиз.
Тўққизинчи гул: Инсонларни уларни яратган Зотга, ҳасадни ўлимга қолдиринг ва душманларингизни унутинг.
Ўнинчи гул: Ҳаром ишларнинг лаззатидан кейин надомат, ҳасрат ва азоб келишини унутманг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мамлакатимиз спорти солномасига олтин ҳарфлар билан муҳрланди. Дунёнинг 200 дан ортиқ давлатидан 2 мингга яқин гроссмейстер ва жамоалар иштирок этган нуфузли ақл-заковат беллашувида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тенгсиз сабот ва маҳорат кўрсатиб, 20 очко билан бош совринни қўлга киритди ҳамда икки карра Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.
Мусобақа якунларига кўра, эркаклар йўналишида Ҳиндистон кумуш (18 очко), Германия бронза (18 очко) медалига эга чиқди. Аёллар терма жамоамиз 15 очко жамғариб, 13-ўринни банд этган бўлса, матонатли парашахматчиларимиз олимпиада тарихида илк бор бронза медалларини қўлга киритишди.
Олимпиада давомида шахматчиларимиз шахсий кўрсаткичларда ҳам ёрқин натижаларга эришди:
Нодирбек Абдусатторов 1-тахтада мағлубиятсиз дона суриб, олтин медаль соҳибига айланди;
Нодирбек Ёқуббоев энг масъулиятли партияларда ғалаба қозониб, рейтингини +26,7 очкога оширди ҳамда дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари орасида энг юқори ўсишни кўрсатди;
Жавоҳир Синдоров илк бор таъсис этилган «ФИДЕ Excellence Awards 2026» доирасида «Энг яхши эркак шахматчи» деб эътироф этилди;
Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов жамоавий ғалабага муносиб ҳисса қўшди;
Ўзбекистон шахмат федерацияси эса ФИДЕ томонидан «Энг яхши федерация» деб топилди.
Президент Шавкат Мирзиёев терма жамоа аъзолари, устоз ва мураббийларни ушбу оламшумул тарихий ғалаба билан самимий муборакбод этиб, ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб ворис эканини таъкидлади ҳамда ғолиб ва совриндорларни юксак давлат мукофотлари билан тақдирлади.
Пойтахтимизда катта тантана ва эҳтиром билан кутиб олинган шахматчиларимизнинг ушбу муваффақияти янги Ўзбекистон ёшлари учун чинакам ибрат ва ғурур тимсолига айланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати