Биринчи гул: Хушбўй гуллари ва мевали шохлари бор хурмо дарахти каби бўлинг.
Иккинчи гул: Инсонларнинг айбларини ошкор қилиш ва уларни тўплашга вақтингиз бўлмасин.
Учинчи гул: Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан қўрқасиз? Агар У зот сизга қарши бўлса кимдан умид қиласиз?
Тўртинчи гул: Ҳасад инсон танасини емиради, рашкнинг кўпайиши эса тўхтатиб бўлмас олов кабидир.
Бешинчи гул: Бугун тайёрланинг, захира йиғинг. Чунки эртанги кун сизнинг мулкингиз эмас.
Олтинчи гул: Жанжал ва бекорчиликлардан узоқлашинг.
Еттинчи гул: Хулқингиз ила чиройли боғу бўстонлардан ҳам гўзал бўлинг.
Саккизинчи гул: Яхшиликни ёйинг, шунда сиз у ила инсонларнинг энг бахтлисига айланасиз.
Тўққизинчи гул: Инсонларни уларни яратган Зотга, ҳасадни ўлимга қолдиринг ва душманларингизни унутинг.
Ўнинчи гул: Ҳаром ишларнинг лаззатидан кейин надомат, ҳасрат ва азоб келишини унутманг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамкорлигида онлайн илмий семинар ўтказилди.
“Имом Термизий мероси: меросни қабул қилиш ва ўрганиш анъаналари ҳамда ундан замонавий фойдаланиш истиқболлари” мавзусида ташкил этилган тадбирда Имом Термизийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг ҳадис илми ривожидаги ўрни, аллома асарларининг кейинги авлодлар томонидан қабул қилиниши ва тадқиқ этилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Семинарда Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети Исломий даъват факультетининг исломий даъват ва маданият йўналиши доценти, профессор доктор Одил Абдуллоҳ Ҳиндий маъруза қилди. Унда Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан, алломанинг ҳадис илми тараққиётига қўшган ҳиссаси, асарларининг илмий аҳамияти ва уларни замонавий тадқиқотлар асосида ўрганишнинг долзарб жиҳатларига тўхталди.
Шунингдек, буюк муҳаддис меросини халқаро миқёсда тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, илмий манбалардан замонавий таълим ва тадқиқот жараёнларида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Имом Термизий меросини ўрганишга қаратилган бундай илмий мулоқотлар аллома илмий меросининг халқаро миқёсда янада кенг тадқиқ этилишига хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати