Биринчи гул: Хушбўй гуллари ва мевали шохлари бор хурмо дарахти каби бўлинг.
Иккинчи гул: Инсонларнинг айбларини ошкор қилиш ва уларни тўплашга вақтингиз бўлмасин.
Учинчи гул: Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан қўрқасиз? Агар У зот сизга қарши бўлса кимдан умид қиласиз?
Тўртинчи гул: Ҳасад инсон танасини емиради, рашкнинг кўпайиши эса тўхтатиб бўлмас олов кабидир.
Бешинчи гул: Бугун тайёрланинг, захира йиғинг. Чунки эртанги кун сизнинг мулкингиз эмас.
Олтинчи гул: Жанжал ва бекорчиликлардан узоқлашинг.
Еттинчи гул: Хулқингиз ила чиройли боғу бўстонлардан ҳам гўзал бўлинг.
Саккизинчи гул: Яхшиликни ёйинг, шунда сиз у ила инсонларнинг энг бахтлисига айланасиз.
Тўққизинчи гул: Инсонларни уларни яратган Зотга, ҳасадни ўлимга қолдиринг ва душманларингизни унутинг.
Ўнинчи гул: Ҳаром ишларнинг лаззатидан кейин надомат, ҳасрат ва азоб келишини унутманг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Шайхонтоҳур туманидаги "Коҳ ота" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга Ислом динида инсонларга манфаат етказиш, жамият ва элни обод қилишнинг аҳамияти ҳамда саховат ва хайр-эҳсоннинг маънавий фазилатлари ҳақида таъсирли суҳбат қилиб бердилар.
Маърузада айтилганидек, инсонга берилган имкониятлар Аллоҳ таолонинг инъоми. Одамларга эзгулик ва манфаат етказиш эса улуғ амаллар сирасидан. Масалан, таълим масканлари, шифохона, йўл ёки кўприкларни таъмирлаб берган кишига шу жойлардан қанча фойдаланилса, шунча савоб ёзилади.
Суҳбат давомида бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муборак ҳадис келтирилди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон вафот этса, унинг амаллари узилади, фақат учта нарсадан: садақаи жориядан, фойдаланиладиган илмдан ва унинг ҳақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан ташқари”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Муфтий ҳазратлари ушбу ҳадисга таяниб, жамиятга фойдаси тегадиган хайрли ишларни қолдириш ҳар бир мўмин учун абадий савоб манбаи – садақаи жория бўлишини таҳлил қилиб бердилар.
Шунингдек, жамиятда саховат ва оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Якунда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда эл манфаати йўлида хизмат қилаётган барча фидойи ва саховатпеша юртдошларимиз ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати