Биринчи гул: Хушбўй гуллари ва мевали шохлари бор хурмо дарахти каби бўлинг.
Иккинчи гул: Инсонларнинг айбларини ошкор қилиш ва уларни тўплашга вақтингиз бўлмасин.
Учинчи гул: Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса кимдан қўрқасиз? Агар У зот сизга қарши бўлса кимдан умид қиласиз?
Тўртинчи гул: Ҳасад инсон танасини емиради, рашкнинг кўпайиши эса тўхтатиб бўлмас олов кабидир.
Бешинчи гул: Бугун тайёрланинг, захира йиғинг. Чунки эртанги кун сизнинг мулкингиз эмас.
Олтинчи гул: Жанжал ва бекорчиликлардан узоқлашинг.
Еттинчи гул: Хулқингиз ила чиройли боғу бўстонлардан ҳам гўзал бўлинг.
Саккизинчи гул: Яхшиликни ёйинг, шунда сиз у ила инсонларнинг энг бахтлисига айланасиз.
Тўққизинчи гул: Инсонларни уларни яратган Зотга, ҳасадни ўлимга қолдиринг ва душманларингизни унутинг.
Ўнинчи гул: Ҳаром ишларнинг лаззатидан кейин надомат, ҳасрат ва азоб келишини унутманг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Афсуски, биз хорижий фильмларда эр хотинини овқатлантирса, ҳайратланамиз, аммо бир ҳадисни унутамиз: “Энг афзал садақа – эр ўз хотинининг оғзига солган луқмасидир”.
* * *
Одамлар гул совға қилишни Ғарб одати деб ўйлайдилар, аммо қуйидаги ҳадисни унутадилар: “Кимга райҳон таклиф қилинса, уни рад этмасин, чунки у енгил ва хушбўйдир”.
* * *
Ғарблик эр хотини учун машина эшигини очса, ҳайратланамиз, лекин Хайбар ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чарчаган бўлсалар-да, ерга ўтириб, София онамизга муборак тиззаларини тутиб, туяга миндирганларини унутамиз. Жангдаки шундай бўлган бўлсалар, уйда қандай бўлганлар?!
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг бағрида вафот этдилар. Саждада вафот этишлари мумкин эди, аммо хотинларининг қучоғини танладилар.
* * *
Ойша онамиз у зот алайҳиссалом сув ичган косанинг айнан ўша жойидан ичар эдилар. Ғарб “этикети” бундай пайтда нима қилади?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Хотинингга едирган луқманг учун ҳам ажр бор”. Бу – ҳақиқий муҳаббат ва фидокорлик.
* * *
Ойша онамиздан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйда нима қилар эдилар?” деб сўралганда у зот: “Кийимларини тикар, қўй соғар, ўзларига ва аҳлига хизмат қилар эдилар”, деганлар. Ғарб этикетида эса “Ўзингга ўзинг хизмат қил”, дейилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган киши комил мўмин эмас.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси