Бу ўринда бир савол пайдо бўлади. Инсонда шунча катта-катта нуқсонлар бор экан. Агар бу нуқсонлар бирор машинада бўлса, уни биров сотиб оладими? Ҳеч ким сотиб олмайди. Бунга шоир ажойиб шеър битган:
Ту бо илми азал маро дийди,
Дийди онгаҳ, бо айб бихариди.
Ту бо илми ону ман бо айб ҳамон,
Рад макун, ончи худ писандийди.
Таржима
Азал илминг ила мени билдинг,
Айб ила кўриб ҳам мени олдинг.
Сенда ўша илм, менда нуқсон ҳануз,
Қайтармагин, нимани яхши кўрдинг.
Бу ерда ихтиёр қилишдан мурод Аллоҳ таоло бандаларининг шунча айб- нуқсонларига қарамасдан Ўзининг фазлу карами билан савдо қилиб, аҳднома ёзади ва уни барчага эълон қилади:
«Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди» (Тавба сураси, 111-оят).
“Жаннат” деганда фақатгина гўзал боғларни тушунмайлик. Балки жаннатда Аллоҳ таолонинг дийдори насиб бўлади. Худди Аллоҳ таоло бизнинг жон ва молларимизни Ўзининг дийдори эвазига сотиб олади. Чунки бу дунёда Уни кўриб бўлмайди. Субҳаналлоҳ! Қанчалик қиммат савдо қилди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг "Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси