Саноқли кунлардан сўнг Рамазон ойи кириб келади. Сиз бу ойга тайёрмисиз? Ёки бу ойга қандай тайёргарлик кўришни билмаяпсизми? Бунинг учун аввало, Аллоҳдан рамазон ойига соғ-саломат етказишини ҳамда Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилинг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи келса, Аллоҳга “Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазонга етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Шунингдек, саҳобийлар ҳам муборак Рамазон ойи келмасидан олдин “Аллоҳ бизни рамазонга етказ”, деб дуо қилишга одатланганлар.
Иккинчиси, қалбингизни покланг. Бунинг учун қалбингиздаги гина-адоватларни чиқариб ташланг, ким билан аразлашган бўлсангиз, улардан кечирим сўранг. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: “Сизлар Рамазон ойини қандай кутиб олардингиз?” деб сўрашди. У зот: “Биз рамазон ойини мусулмон биродарига нисбатан қалбида заррача адоват ва кек сақламаган ҳолда кутиб олар эдик”, дедилар.
Учинчиси, Рамазон ойи келаётганидан хурсанд бўлинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб кетар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар.
Тўртинчиси, Рамазон ойининг ҳар бир кунининг режасини тузинг. Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бандалар савобларини кўпайтириб олишлари бошқа кунлардан кўра афзал қилган.
Бешинчиси, Рамазон рўзасини тутишга холис ният қилинг. “Чарчаб қоламан”, “Қийналаман” каби турли баҳоналар билан дангасалик қилманг! Агар рўза тутишни холис Аллоҳ учун адо этишни ният қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи енгиллик, барака ато этади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойига соғ-саломат етказиб, бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати