Муборак Рамазон ойида Аллоҳ таоло ҳамма мусулмонларга Ўзининг раҳмати, мағифирати, чексиз неъматларини ёғдиради.
Бу ой ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандалар... (Зумар, 53)га ҳидоят йўли кўрсатилади.
Бу ойда инсонлар ейиш-ичишдан, нафсоний истаклардан тийиладилар.
Одатдагидек, кун давомида кўнгил тусаганда қаҳва, чой ича олмаймиз бир ой.
Шу ишларни Аллоҳ розилиги учун бажарамиз. Бу бир мўъжиза, аслида. Лекин уни ҳис этмаймиз.
Мисол учун, бу йил (2026) юртимизда неча киши рўза тутади?
Миллионлаб кишилар Исломнинг учинчи рукнини адо этишига шубҳа йўқ.
Энди Осиё қитъасида ёки бутун Ислом оламида неча киши рўза тутишини тасаввур қилиб кўринг-а (!).
Бу амал мажбурий эмас, балки ихтиёрий равишда, назорат қилинмаган ҳолда бажарилишига эътибор қаратсак, шунинг ўзи катта мўъжиза эканига гувоҳ бўламиз.
14 аср олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло сизларга ҳар йили бир ой Рамазон рўзасини тутишни фарз қилди», деб марҳамат қилган.
1,4 минг йилдан бери сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар ҳар йили бир ой ихтиёрий равишда рўза тутадилар. Бу ишда мажбурлаш йўқ. Агар мажбурлаш бўлганида кўпчилик рўза тутмас эди.
Бирор кишига: «Рўза тутсанг, шунча пул бераман» десангиз, у муҳтож бўлса, 3-4 кун рўза тутиши мумкин. Лекин пулни олгач, жуфтакни ростлаб қолади.
Асрлар давомида миллиардлаб инсонлар бир ой рўза тутадилар.
Ҳар йили шу ҳолат такрорланавергани боис унинг чинакам фавқулодда ҳодиса эканини кўп ҳам англайвермаймиз.
Одам руҳиятида ҳар доим яширин нарсага интилиш, талпиниш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Одам боласининг ҳар бир амали (учун бериладиган савоб) бир неча баравар кўпайтирилади: бир яхшилик ўн мартадан етти юз бараваргача. Аллоҳ азза ва жалла бундай деди: "Аммо рўза мустасно, чунки у Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман"» 0
Шу боис Раббимиз берадиган улуғ мукофотга эришиш учун ихлос ила рўза тутамиз. Шу ибодат туфайли миллиардлаб инсонлар валийлик лаззатини тотадилар.
Ҳа, Рамазонда иймони бор ҳар бир киши валий бўлади. Шу мақомни йил давомида, умр бўйи асраб қоладиган кишилар қандай ҳам бахтли! Улар жаннатга Раййон дарвозасидан кирадилар, иншоаллоҳ.
Толибжон НИЗОМ
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати