Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намозини уйда ўқиётган намозхон ҳам фарзни ўқиб бўлгач суннат ва нафл намозларни ўқиш учун жойини ўзгартириши мустаҳабми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозда имом бўлган шахс фарзни ўқигач, ўша жойнинг ўзида нафл ўқиш макруҳ саналади. Шу боис ўнг ёки чапга ёки орқа сафга ўтиб олади. Чунки агар имом фарзни ўқиган жойида суннатни ўқиса, жамоатга кеч келган одам имом фарзни ўқияпти деган гумонда иқтидо қилиб қўйиши мумкин.
Уйда ёки масжидда мустақил намоз ўқиётган намозхон фарз ўқиган жойида ҳам, бошқа жойга ўтиб ҳам ўқиши мумкин, макруҳ бўлмайди. Бошқа жойда ўқиш афзал ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарздан кейин жойни ўзгартиришга тарғиб қилиб: “Сизлардан бирингиз намозидан фориғ бўлгач, нафл ўқиш учун олди ёки орқасига силжишдан ожиз бўладими?” деганлар. Яна бир ҳадисда намоз ўқилган жой қиёмат куни намозхоннинг фойдасига гувоҳлик бериши айтилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизимида янги ўқув машғулотлари бошланди.
12 сентябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов талабалар учун «Хатоба» (нотиқлик санъати) фанидан илк дарсни ўтиб берди.
Машғулот давомида устоз ваъз-насиҳат қилиш санъати, минбар одоблари, тингловчи билан жонли мулоқот ўрнатиш сирлари ҳамда бугунги кун имом-хатиби зиммасидаги масъулиятли вазифаларга алоҳида тўхталди. Нотиқлик маҳоратига оид нозик жиҳатлар ҳаётий ва амалий мисоллар орқали очиб берилди.
Қизғин ва самимий руҳда ўтган дарс сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати