Муборак кунлар остонасида турибмиз. Ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазон ойи ўзининг таровати ва баракоти билан бошимиз узра раҳмат соябони тутиб турибди.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 183-оятида бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар”.
Рамазон ойида фақатгина рўза тутиш билан чекланилмайди. Бу муборак ой ичида инсон ўзининг нафсини тарбия қилади, руҳий покланишга эришади ва жамиятда яхшилик, саховат ҳамда бағрикенгликни қарор топтиришга ҳаракат қилади.
Ҳар йили Рамазон ойини муносиб тўтказиш тўғрисида Президентнинг махсус қарори эълон қилинади. 2026 йил Рамазон ойини муносиб ўтказиш ҳақида Президент қарори 16 феврал куни қабул қилинди. Қарор билан “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш, ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор берилади.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли жамият барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Юртимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтириш устувор вазифа деб белигиланган бўлиб, мазкур тамойиллар, айниқса, Рамазон ойида янада ёрқин намоён бўлади, саховат ва ҳамжиҳатлик қадриятлари амалий ишлар билан мустаҳкамланиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидлади.
“Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остидаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.
Презиентимиз Шавкат Мирзиёев Дин ишлар бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарларини қабул қилиб, Рамазон ойи давомида халқимизга хатму Қуръон ва таровеҳ намозларини адо этилиши ҳамда мазмунли панду насиҳатлар, муҳтож оилаларга моддий-маънавий кўмак беришда фаол хизмат кўрсатиб келаётган Республикамиздаги барча масжидларнинг имом-хатибларига, масжидларнинг ходимларига, масжидларда Қуръон хатм қилиб берадиган қориларга, диний билим юртларининг устоз-мураббийларига ва кўп йиллар диний соҳада хизмат қилган нуронийларга жами 1 триллион сўмдан зиёд маблағ бир марталик моддий ёрдам сифатида тақсимлаб берилишини айтиб ўтди.
Бу тарихда зарҳал хатлар билан битиладиган хайрия бўлди десак, муболаға бўлмайди. Муборак динимизда сахийлик энг яхши инсоний хулқлардан эканлиги таъкидланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. Саховат ишлари Рамазон ойида амалга оширилса, унинг ажр-савоби кўпайтириб берилади. Юртбошимизнинг Рамазон ойига бўлган ижобий муносабати, диний соҳа вакилларига қаратган эътиборлари мужассамлашиб, ушбу хайрия амалга ошадиган бўлди. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини яхшилик ишларида бир-бирлари билан мусобақалашишга чақирган:
“… Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир (Моида сураси, 2-оят).
Бундай хайрли мусобақа эса жамиятда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш хизмат қилади, иншааллоҳ.
Бу ажратилаётган хайрия маблағларини ўрнини топиб, уни эзгуликка йўналтириш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Қийинчилик билан қилинган хайрли ишнинг мукофоти ҳам улкан бўлади, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло муҳсин бандаларини севишини баён этиб, “Оли Имрон” сурасининг 134-оятида:
“Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, обод қилсин. Халқимизнинг фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган Юртбошимизни соғ-саломат айлаб, Рамазон ойини барча фазилатларидан элимизни баҳраманд қилсин!
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси