#xabar #ramazon
Ўзбекистон Республикаси Президенти "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Мазкур қарорга кўра, 2026 йилги муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 февраль кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Аллоҳ таоло Рамазон ойида қиладиган ибодат, дуо ва барча солиҳ амалларимизни қабул этсин, ажр-мукофотларини кўпайтирсин.
Яратган Роббимиз юртимизга тинчлик, барқарорлик ва офиятни насиб қилсин. Рамазон ойингиз муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштириш ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда мазкур йўналишга масъул бўлган мутахассислар бевосита ҳамда масофавий тарзда иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков кириш сўзи билан очиб, фуқароларнинг мурожаатларига юксак ҳурмат билан қараш ва уларнинг дардига оқилона ечим топиш ҳар бир раҳбар ҳамда ходимнинг нафақат вазифаси, балки олий инсоний бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг масъул вакиллари – Давлат ташкилотлари томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш шўъбаси бош инспектори Саидакмал Ходжаев ҳамда шўъба етакчи инспектори Рашид Курганов иштирок этиб, тизимдаги ҳолатни қонунчилик талаблари асосида атрофлича таҳлил қилиб бердилар.
Соҳа масъул мутахассислари томонидан айни йўналишдаги Президент Фармони ижроси доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик ва тезкорликни таъминлаш, жараён шаффофлигини ошириш ҳамда мурожаатларни назоратдан олишнинг механизмларини тўғри қўллаш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбир тизим ходимларининг мурожаатлар билан ишлаш маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга хизмат қилади. Амалий таҳлилларга бой бўлган ушбу семинар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш ҳамда халқимизнинг диний-маърифий соҳага бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ва тизимли қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати