frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

2026 йил учун закот, фитр ва фидя миқдори

18.02.2026   42589   2 min.
2026 йил учун закот, фитр ва фидя миқдори

#xabar #zakot #fitr #fidya
 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди, унга кўра:


Закот нисоби
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000  (юз  миллион) сўм деб белгилади. 
 Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000  (юз  миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.

 
Фитр садақаси миқдори


Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
 Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки  унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.


Фидя миқдори


Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади.

Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.

 Шарҳ (https://telegra.ph/shar%D2%B3-02-17)


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

13.09.2026   14253   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.

Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.  

Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.

Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари