2026 йил 17 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари ҳижрий 1447 йил Рамазон ойи ҳилоли кўринмаганини маълум қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг тақдим этган маълумоти ҳам мазкур кузатишларни тасдиқлади. Шу боис, жорий йил 18 февраль кунини ҳижрий 1447 йил Шаъбон ойининг ўттизинчи куни, Рамазон ойининг биринчи куни эса шу йилнинг 19 февраль кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Қуйидаги аксар мамлакатлар ҳам Рамазон ойининг биринчи кунини шу йилнинг 19 февраль куни, деб эълон қилди:
Миср Араб Республикаси
Иордания
Сурия
Ироқ
Эрон
Туркия
Қозоғистон
Қирғизистон
Тожикистон
Туркманистон
Озарбайжон
Индонезия
Бруней
Уммон
Сингапур
Австралия
Япония
Покистон
Ҳиндистон
Малайзия
Жанубий Корея
Ливия Араб республикаси
Россия Федерацияси
Бангладеш
Тунис
АҚШ
Шунингдек, Европа фатво ва тадқиқотлар кенгаши ҳамда Шимолий Америка ҳилол қўмитаси томонидан жорий йил 19 февраль кунини Рамазон ойининг биринчи куни, деб эълон қилинди. Янги ой кўрилмагани сабабли Шаъбон ойи 30 кунга тўлдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жаннат зийнатланади
Рамазоннинг биринчи куни келганида Аллоҳ таоло Ризвон (жаннат эшикларини қўриқловчи фаришта)га: “Уммати Муҳаммаддан рўза тутиб, кечалари қоим бўладиганлар учун жаннатни зийнатлагин!” деб айтади.
Аллоҳнинг яна бир фариштаси борки, унинг бир қаноти ёқутдан, иккинчиси эса зумраддандир. У ҳар кеча: “Тавба қилувчи борми?” деб нидо қилади (Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ. Тарихул Ислом).
Дўзах эшиклари ёпилади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади, дўзах эшиклари беркитилади, улардан бирортаси ҳам очиқ қўйилмайди ва жаннат эшиклари очилади, улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Ҳар кеча бир жарчи: “Эй яхшилик талабгори, келгин! Эй ёмонлик талабгори, тўхтагин!”, дейди”, деганлар (Имом Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Аллоҳнинг раҳмати ёғилади
Манбаларда, “Рамазон ойининг биринчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса, уни ҳеч қачон азобламайди”, дейилади.
Афсуски, кўпчилик бу кунни бозорда “ҳали уни, ҳали буни сотиб олишим керак” деган бекорчи ўй-ҳаёллар билан ўтказиб юборади.
Демак, банда рамазоннинг илк кунларидан бошлаб уни ғанимат билмоғи лозим экан.
Даврон НУРМУҲАММАД