Гарчи кўринсада сенга масофа энг узоқ, Келар У зот раҳмати кўз юмишингдан тезроқ.
Сингилгинам, албатта, қийинчиликдан кейин енгиллик, кўз ёшдан сўнг табассум бор ва қоронғу зулматдан сўнг тонг отади. Аллоҳнинг изни ила тез орада ғам булутлари тарқалади, қайғу зулмати ёришиб кетади, бахтсизлик нари кетади ва хафаликлар тугайди.
Шуни билингки, сиз савобга эришасиз. Агар сиз она бўлсангиз фарзандларингизга гўзал тарбия берасиз ҳамда Ислом ёрдамчилари, дин ходимлари ва миллат қаҳрамонлари бўлиб етишади. Улар саждаларида ва саҳар вақтларида ҳаққингизга дуо қилишади. Шундай экан, сизнинг раҳмдил она бўлишингиз энг катта неъматдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари бу дунёга улуғ имом ва йўлбошчини ҳадя этган аёл экани сизга фахр ва шараф учун кифоя қилади.
Сизнинг ўзингиз каби аёллар орасида яхши сўз, гўзал мавъиза ва бошқа яхшиликлар ила даъватчи бўлиш имконингиз бор. Чунки аёл киши ўзининг гўзал хулқи ва яхши амаллари билан кўплаб хатиблар, маърузачилар ва мударрислар қила олмайдиган ишларни қилиши мумкин. Қанчадан-қанча маҳаллаларда биргина аёлдан дин, ибо, гўзал хулқ, қўшниларга яхшилик қилиш ва эрига итоат этиш каби яхши амаллар тарқалган. Натижада, унинг муаттар ҳаёт тарзи доим эсланадиган, инсонларга ҳикоя қилиб бериладиган бўлган ва у аёллар учун гўзал намунага айланган.
Шуъласи: Кун келиб, райҳонлар гул очади, маҳзунлик йироқ кетади ва юпанч келади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати