Бугун, чоршанба куни Диний идорада фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов томонидан қабул қилинган фуқароларнинг мурожаат, арз ва таклифларига қулоқ тутди.
Қабул чоғида улар томонидан Рамазон ойига ҳозирлик, Ҳаж, Қуръон курслари, имом-хатиблар фаолияти, масжидлар, моддий ёрдам сингари масалалар баён этилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва тез орада ҳал қилиш учун Диний идора масъулларига тегишли вазифалар юкланиб, шу куннинг ўзида ижросига киришилди.
Бу каби қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилиши анъанага айланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали ҳамкорлигида ўтказилди. Унда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ва «Вақф» фонди филиали раҳбари Ражабали домла Норқўчқоров иштирок этди.
Йиғилишда сўз олганлар таълим муассасасида фаолият юритаётган мударрислар ҳамда фахрий устозларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этиб, уларнинг ёш авлодга соф исломий илмлар, одоб-ахлоқ ва эзгу қадриятларни етказиш йўлидаги фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этдилар.
Тадбир доирасида устоз ва мураббийларга чуқур ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида байрам совғалари ҳамда моддий рағбатлантириш маблағлари топширилди.
Маърифат улашувчи, миллат келажагини тарбияловчи устозларни эъзозлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай хайрли ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат ва миннатдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати