Аллоҳ таоло айтади: “Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас” (Тавба сураси, 109-оят).
Исломий хонадон тақво устига бино қилинган бўлади. Унинг устунлари Аллоҳга тақво қилиш, солиҳ амаллар ва Аллоҳнинг амрига бўйсуниш бўлади.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Хонадон омонат ва масъулиятдир. Ҳар бир оила бошлиғи бу омонатни муносиб сақлаши ва ишончли масъул бўлиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз раияти (қўл остидагилари ҳақида) дан сўралувчисиз”.
Хонадонни бошқариш – аҳлини намозга буюриш билан бўлади. Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ҳақларида бундай марҳамат қилади: “У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди” (Марям сураси, 55-оят).
Хонадон энг муҳтож бўладиган нарса бу аҳли-оилани тарбияси билан шуғулланадиган яхши, солиҳ ота ва мўмина онадир.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Албатта, омонатларнинг энг каттаси хонадон ва уларни тўғри тарбия қилиш омонатидир. Исломий хонадон Рамазонда зикр, тиловат ва тақво узра яшайди. Улар таомланишда, ичкарию ташқарида, уйғоқлигу уйқуда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишади.
Бугунги кунда кўплаб хонадонлар мусиқага ўрганишди. Шу сабабдан бу хонадон аҳлларининг қалблари бузилди, келажакларини зое қилишди ва куч-қувватлари парчаланиб кетди. Кўплаб хонадонларга беҳуда нарсалар кириши билан ундан сакинат, зикр, одоб ва виқор чиқиб кетди.
Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва у(йўл)ни истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшаларга ўзларига хорловчи азоб бордир” (Луқмон сураси, 6-оят).
Исломий оила бекорчи ва сафсаталардан узоқ бўлиб, Аллоҳни зикр қилиб уйғонади ҳамда Унинг зикри ила уйқуга кетади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир” (Мўминун сураси, 3-оят).
Исломий оила Аллоҳ таолодан ҳаё қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Эй, инсонлар! Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар! Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига олган нарса (кўз, қулоқ, ва оғиз каби)ларни ҳамда қоринни ва у ўз ичига олган нарса (фарж, қўл-оёқ ва қалб каби)ларни (ҳаромдан) сақламоғингдир. Ким чириган суяк (бўлиш)ни ўйласа ҳаёт ва дунёнинг зийнатини тарк этади”.
Оила кўплаб муҳим ишларга муҳтож бўлади. Уларнинг энг катта ва кераклилари беш вақт намозни тўлиқ ва мукаммал адо этиш, Қуръони каримни тиловат қилиш, доимо Аллоҳнинг зикрида бўлиш ҳамда катта ва кичик суннатларни тирилтиришдир. Шунингдек, улар беҳуда нарсалар ва ёмон ишларни хонадондан йўқотишга ва улардан четлашишга ҳам муҳтож бўлишади.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, “Роббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар”… (дейдилар)» (Фуссилат сураси, 30-оят).
Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят).
Рамазон ойи мусулмон хонадонига ўзгача руҳ ва хотиржамлик киритади. Хонадон аҳлини тунлари қоим бўлиш учун уйғотади, кундузлари рўза тутмоққа чорлайди ва Аллоҳ таолони зикр қилишга тарғиб қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир” (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Ё, раҳмлилар Раҳмлиси, биз Сендан хонадонимизни иймон нури, ҳикмат ва сакинат ила тўлдиришингни сўраймиз!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.
Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.
B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати