Инсон баъзан дунё ташвишларидан узилиб, Роббига яқинлашишни истайди. Ана шундай яқинликни бахш этадиган улуғ ибодат – рўзадир. Рўза қадимдан давом этиб келаётган илоҳий амр бўлиб, мусулмонларга ҳам шу азалий ибодатнинг мукаммал шакли инъом қилинди.
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги: “Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сураси, 183-оят) ояти ила фарз бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар. Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар.
Рамазон – оддий вақт эмас. У Қуръон нозил бўлган, раҳмат эшиклари очилган, қалблар уйғонадиган муборак ойдир. Саҳарликнинг сокин баракаси, ифторнинг шукронали қувончи, кечалардаги ибодатларнинг нури мўмин қалбига алоҳида ҳузур бахш этади. Тонгдан қуёш ботгунча давом этадиган рўза бандага ҳар лаҳзада: “Мен буни Аллоҳ учун қиляпман”, деган шарафни эслатади.
Маълумки, рўза аввалги умматларга ҳам фарз қилинган эди. Ривоятларда насронийларга ҳам Рамазон рўзаси буюрилгани, аммо у оғир туюлгач фаслини ўзгартириб, кунларини кўпайтириб юборганлари зикр қилинади. Ислом эса рўзанинг асл ҳукмини сақлаб қолди. Рамазон қайси фаслга тўғри келишидан қатъи назар, мўмин уни муҳаббат ва итоат билан кутиб олади. Чунки ибодатнинг қадри қулайликда эмас, садоқатдадир.
Рамазон кирганда рўзадор инсон бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четланиши лозим. Рўза тутган шахс иложи борича кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилса, Қуръон тиловат қилса жуда яхши бўлади. Бу амаллар орқали руҳлар покланади, қалблар юмшайди. Бу ойда масжидлар обод бўлади, Қуръон тиловати кўпаяди, садақалар зиёда бўлади. Инсон ўз нафсидан устун келиб, ҳақиқий маънавий эркинликни ҳис қилади. Ҳар саҳарлик – умид, ҳар ифтор – шукр, ҳар ибодат – илоҳий яқинлик лаҳзасига айланади. Энг оддий неъматлар ҳам қадрли бўлиб қолади. Рўза инсонни сабрга, шукрга, меҳрга ўргатади. Тилни ёмон сўзлардан, қалбни гуноҳнинг ғуборларидан поклайди. Бир сўз билан айтганда Рамазон бандага Роббига яқинлашиш учун берилган энг бебаҳо имкониятдир.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганида, албатта уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади. Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб динмизга зид ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам бериш керак.
Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни қабул қилсин, қалбларимизни тақво билан зийнатласин, гуноҳларимизни мағфират этсин ва бизни Рамазон баракасидан тўлиқ насибадор айласин!
ЎТКИР ҒУЗАРОВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати