Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, бутун халқимизни юртимизга меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, ушбу қутлуғ айёмда барчамизни Рамазони шарифга мана шундай соғ-омон, бирлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.
Эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.
Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта.
Рамазон ойининг улуғ фазилатлари, ахлоқий-маънавий аҳамияти айнан ана шундай олижаноб ишларда яққол намоён бўлади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётганини таъкидлаш ўринлидир.
Жорий йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада тегишли амалий ишларни бошлаб юборганимиз замирида ҳам ана шундай буюк интилишлар мужассамдир.
Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ва фаровонлиги сифатида намоён бўлади.
Азиз дўстлар!
Қутлуғ заминимиз узра Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғилиб турган мана шундай саодатли кунларда аждодлар хотирасини, уларнинг
эзгу ишлари, хайрли амалларини эслаш ва давом эттириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом дини ва маданияти равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса ёшларимиз ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.
Улуғ аждодларимизнинг шонли анъаналарига садоқат билан яшаб келаётган халқимизнинг азму шижоати билан ноёб меъморий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳрида – Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий мажмуасини бунёд этиш ишлари якунига етказилганини фахр билан айтиб ўтмоқчиман.
Рамазони шариф кунларида муҳтарам уламоларимиз, илм-фан ва ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ана шу табаррук масканларда буюк азиз-авлиё ва алломаларимиз хотирасига эҳсон дастурхонлари ёзиб, бу муқаддас зиёратгоҳлар эшикларини халқимиз учун кенг очишни режа қилганмиз ва бу ишларни албатта амалга оширамиз.
Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин мамлакатлардаги ватандошларимизга, бутун мусулмон умматига ҳам самимий табрик ва тилакларимизни йўллаймиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи – моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман.
Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Рўза кунларида қилинадиган барча ибодатлар, эзгу ният ва амаллар ижобат бўлсин!
Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Саудия Арабистони пойтахтида “WTM Spotlight Riyadh 2026” халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон туризм индустрияси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз туристик салоҳиятини «Asialuxe Travel», «Zamin DMC» ва «Bazar Travel» компаниялари намойиш этди. Улар кўргазманинг ишбилармонлик дастурида фаол иштирок этиб, Саудия Арабистони ҳамда бошқа хорижий давлатлар туризм соҳаси вакиллари билан бир қатор самарали учрашувлар ўтказдилар.
“WTM Spotlight Riyadh” Саудия Арабистони туризм бозорининг халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқалари учун асосий профессионал майдонлардан бирига айланди. Кўргазма туроператорлик бизнеси, қабул қилувчи компаниялар, меҳмонхона сектори, авиация тармоғи, туристик технологиялар ва индустриянинг бошқа йўналишлари вакилларини бирлаштирди. Тадбирда минтақавий ва халқаро ташриф буюрувчилар, 450 дан ортиқ экспонентлар ҳамда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди.
Уч кун давомида ўзбекистонлик компаниялар вакиллари саудиялик туроператорлар, туристик агентликлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари билан музокаралар ўтказдилар. Мулоқотларда шериклик дастурларини ривожлантириш, Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда янги қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонни маданий-маърифий, оилавий, премиум ва индивидуал туризм учун жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Саудиялик ҳамкорларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларининг туристик имкониятлари, Буюк ипак йўлининг тарихий мероси, замонавий меҳмонхона инфратузилмаси, миллий таомлар ҳамда индивидуал ва гуруҳли туристик дастурларни ташкил этиш имкониятлари намойиш этилди.
Ўзбекистон туризм тармоғи вакиллари, шунингдек, саудиялик ҳамкорлар билан сайёҳларни кутиб олишни ташкил этиш, Кўрфаз мамлакатларидан келувчи саёҳатчиларнинг афзалликларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини янада тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбек туристик компанияларининг “WTM Spotlight Riyadh 2026” кўргазмасидаги иштироки подшоҳлик туристик бизнеси вакиллари билан бевосита алоқаларни кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини излаш учун қўшимча имконият бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати