Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Март, 2026   |   12 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:40
Қуёш
06:58
Пешин
12:40
Аср
16:29
Шом
18:17
Хуфтон
19:29
Bismillah
01 Март, 2026, 12 Рамазон, 1447
Мақолалар

Рамазон Қуръон ойи: Оли Имрон сураси

20.02.2026   5425   2 min.
Рамазон Қуръон ойи: Оли Имрон сураси

Оли Имрон сураси Мадинада нозил бўлган узун суралардан бири бўлиб, асосан диний ишлардан икки муҳим масалани муолажа қилади:

Биринчиси – ақийда масаласи бўлиб, Аллоҳнинг ягоналигига ҳужжат ва далиллар келтирилади.

Иккинчиси – шариат қонунлари масаласи, хусусан, уруш ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишнинг қонунлари ҳақида сўз юритилади.

Биринчи масала бўйича Аллоҳ таолонинг ягоналигини ва пайғамбарликнинг ҳақлигини, Қуръоннинг ҳақлигини исбот қилувчи оятлар келган. Шунингдек, аҳли китоблар Ислом, Қуръон ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида тарқатган шубҳаларга раддиялар берилган.

Оли Имрон сурасида асосан аҳли китобларнинг насоро тоифаси ҳақида сўз юритилади. Уларнинг Масиҳ алайҳиссалом ҳақларида, у кишини илоҳ деб гумон қилишлари ва шунинг оқибатида Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, Қуръонни инкор қилишлари ҳақида сўз боради. Сураи кариманинг деярли ярми шулар ҳақидаги оятлардан иборатдир. Ўша оятларда насоролар қўзғаган шубҳаларга, хусусан, Биби Марям ва у кишининг ўғиллари Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги шубҳаларга очиқ-ойдин ҳужжат ва далиллар билан раддиялар келади. Мазкур далил ва ҳужжатларни келтириш жараёнида яҳудийларга нисбатан баъзи ишора ва киноялар ҳам қилиб ўтилади. Мусулмонларни аҳли китобнинг макр ва ҳийлаларидан ҳушёр бўлишга чақирилади.

Иккинчи масала бўйича ҳаж ибодатига, жиҳодга, рибога ва закотни ман қилувчиларга хос ҳукмлар зикр қилинади. Бадр, Уҳуд каби ғазотлар ҳақида батафсил сўз юритилиб, улардан олинган ибратлар баён этилади. Мусулмонлар Бадр ғазотида кофирлар устидан ғолиб келдилар, аммо Набий алайҳиссаломга бўйсунмасдан, Уҳуд ғазотида мағлубиятга учрадилар ва таъналар эшитдилар. Оли Имрон сурасида ана шу дарснинг ҳикматлари очилади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларнинг сафини қалби бузуқлардан тозалашни ирода этганлиги баён қилинади.

Шунингдек, сураи каримада нифоқ ва мунофиқлар ҳақида батафсил сўз юритилади, уларнинг Исломга ҳамда мусулмонларга зарар етказиш учун қандай уринишлари баён қилинади.

Суранинг охирларида осмонлару ернинг яратилишидаги ажойиботларни тафаккур ва тадаббур қилиб кўришга чақирилади. Пировардида эса жиҳод ва мужоҳидлар ҳақида сўз кетади.

Имом Муслим Навос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг «Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганида, Бақара ва Оли Имрон суралари бош бўлиб келадилар», деганларини эшитдим», – дедилар.

Ушбу сураи кариманинг Оли Имрон деган ном олишининг сабаби – сура ичида Биби Марямнинг оталари Имрон ва у кишининг шарафли оилалари – Оли Имрон қиссасининг келганлигидир.

"Тафсири Ҳилол"дан

Бошқа мақолалар

Рўзадорнинг 2 хурсандчилиги

28.02.2026   12635   1 min.
Рўзадорнинг 2 хурсандчилиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўзадорга икки хурсандчилик бор. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққанида хурсанд бўлади", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейдилар:

"Биринчи хурсандчилик - фарз ибодатни саломат ҳолда бажаргани, Аллоҳ таоло унга куч-қувват ва тавфиқ бергани, кўплаб савобларга эга бўлгани учун бўлади.

Иккинчи хурсандчилик - охиратда Роббига йўлиққанида тутган рўзаси учун берилган улкан савобларни кўрганида бўлади".