Бугун Жиззах вилоятида ушбу муборак ойнинг файзу баракаси яққол сезилмоқда. Воҳадаги 170 та масжидда таравеҳ намозлари мунтазам адо этилмоқда. Уларнинг 124 тасида 208 нафар қори томонидан хатми Қуръон қилинмоқда. Бу рақамлар — қуруқ статистика эмас, балки юзлаб қалбларнинг Қуръон нуридан баҳраманд бўлаётганининг амалий ифодасидир.
Таравеҳ намозлари вилоятдаги барча масжидларда бир хил вақтда — соат 20:30 да бошланмоқда. Бу тартиб ва интизом ибодатда ҳамжиҳатликни таъминлаб, жамоатни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Ислом манбаларида таъкидланганидек, таравеҳ намози Рамазон ойига хос суннат амаллардан ҳисобланади ва асрлар давомида мусулмон уммати томонидан адо этиб келинмоқда.
Таравеҳ намозлари 27 кун давомида ўқилиб, Лайлатул қадр кечаси билан якунланади. Лайлатул қадр — Қуръон нозил бўла бошлаган, минг ойдан яхшироқ деб васф этилган муборак кечадир. Ушбу муборак тун арафасида хатми Қуръон қилиш юртдошларимиз учун улкан маънавий ютуқ, қалблар учун беқиёс зиё манбаидир.
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов таъкидлаганидек:
— Аллоҳ кечиргувчи ва Ул зот кечиримлиларни яхши кўради. Рамазон — нафақат рўза тутиб, гуноҳлардан тийилиш, балки бир-биримизни кечириш, кимнидир ранжитган бўлсак, узр сўраш ойидир.
Дарҳақиқат, бу ой инсонни нафс билан курашга, бағрикенгликка, меҳр-оқибатга чорлайди. Масжидлардаги маърифий суҳбатлар, Қуръон тиловати ва жамоат ибодати — барчаси жамият маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйларида ифторликлар ташкил этмоқдалар. Турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилиши Рамазоннинг саховат ва ҳамдардлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бу ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасидир.
Масжид — фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат, тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани. Рамазон ойида бу масканлар янада файзли, янада гавжум бўлади. Қуръон садоси остида инсон ўз қалбини тинглайди, хатоларини англайди, эзгуликка интилади.
Жиззахдаги бу манзара — юртимизда диний-маърифий ҳаёт барқарор ва изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. Тартиб-интизом, жамоатчилик бирдамлиги ва саховатпешалик — барчаси Рамазоннинг мазмун-моҳиятига мос тарзда намоён бўлмоқда.
Рамазон — кечирим ойи;
Рамазон — бирдамлик ойи;
Рамазон — қалбларни нурга тўлдириш ойи.
Жиззахда эса бу нур 170 масжиддан таралиб, минглаб хонадонларга зиё бахш этмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ