Бугун Жиззах вилоятида ушбу муборак ойнинг файзу баракаси яққол сезилмоқда. Воҳадаги 170 та масжидда таравеҳ намозлари мунтазам адо этилмоқда. Уларнинг 124 тасида 208 нафар қори томонидан хатми Қуръон қилинмоқда. Бу рақамлар — қуруқ статистика эмас, балки юзлаб қалбларнинг Қуръон нуридан баҳраманд бўлаётганининг амалий ифодасидир.
Таравеҳ намозлари вилоятдаги барча масжидларда бир хил вақтда — соат 20:30 да бошланмоқда. Бу тартиб ва интизом ибодатда ҳамжиҳатликни таъминлаб, жамоатни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Ислом манбаларида таъкидланганидек, таравеҳ намози Рамазон ойига хос суннат амаллардан ҳисобланади ва асрлар давомида мусулмон уммати томонидан адо этиб келинмоқда.
Таравеҳ намозлари 27 кун давомида ўқилиб, Лайлатул қадр кечаси билан якунланади. Лайлатул қадр — Қуръон нозил бўла бошлаган, минг ойдан яхшироқ деб васф этилган муборак кечадир. Ушбу муборак тун арафасида хатми Қуръон қилиш юртдошларимиз учун улкан маънавий ютуқ, қалблар учун беқиёс зиё манбаидир.
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов таъкидлаганидек:
— Аллоҳ кечиргувчи ва Ул зот кечиримлиларни яхши кўради. Рамазон — нафақат рўза тутиб, гуноҳлардан тийилиш, балки бир-биримизни кечириш, кимнидир ранжитган бўлсак, узр сўраш ойидир.
Дарҳақиқат, бу ой инсонни нафс билан курашга, бағрикенгликка, меҳр-оқибатга чорлайди. Масжидлардаги маърифий суҳбатлар, Қуръон тиловати ва жамоат ибодати — барчаси жамият маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйларида ифторликлар ташкил этмоқдалар. Турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилиши Рамазоннинг саховат ва ҳамдардлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бу ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасидир.
Масжид — фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат, тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани. Рамазон ойида бу масканлар янада файзли, янада гавжум бўлади. Қуръон садоси остида инсон ўз қалбини тинглайди, хатоларини англайди, эзгуликка интилади.
Жиззахдаги бу манзара — юртимизда диний-маърифий ҳаёт барқарор ва изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. Тартиб-интизом, жамоатчилик бирдамлиги ва саховатпешалик — барчаси Рамазоннинг мазмун-моҳиятига мос тарзда намоён бўлмоқда.
Рамазон — кечирим ойи;
Рамазон — бирдамлик ойи;
Рамазон — қалбларни нурга тўлдириш ойи.
Жиззахда эса бу нур 170 масжиддан таралиб, минглаб хонадонларга зиё бахш этмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА
00:00 Хабарлар
00:56 “Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди
01:25 “Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган
01:57 Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди
04:45 Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилмоқда
05:20 Ҳар бир хонадонга байрамона кайфият кириб бормоқда
06:00 Истиқлол шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда
06:34 Хонадонларга меҳр, кўнгилларга умид улашиб...
07:08 Бир гуруҳ имом-хатиблар Ислом цивилизацияси марказида бўлишди
07:43 Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди
#yangiliklar
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ISHONCHLI VA RASMIY MANBA
YouTube | Instagram | Facebook