Боғот туманида янгидан қуриб битказилган "Мирҳошим бобо" жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани бош имом-хатиби Рашидбек домла Эрназаров, мутасаддилар, маҳалла аҳли жам бўлишди.
Қуръони карим тиловатидан сўнг бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини сўраб, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳақларига дуолар қилинди.
Очилиш маросимидан сўнг янги масжидда илк жума намози адо этилди.
Жума намозидан олдин жомега йиғилган жамоатга “Рамазон – эзгулик ва яхшилик ойи” мавзусида суҳбат қилиб берилди.
Гўзал суҳбат охирида Хайрулла домла Ҳақ таоло барчага икки дунё саодатини насиб қилишини сўраб, элу юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилди.
Zamaxshariy.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Унда Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилди.
Мазкур жараёнда фуқаролар томонидан оилавий муносабатлар, хайрия ишларини ташкил этиш, ижтимоий кўмак ва бошқа масалаларда қилинган мурожаатлар тингланди. Эллик нафарга яқин мурожаатчининг ҳар бири билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Айрим мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар тегишли бўлим ва масъул ходимларга йўналтирилди.
Шу билан бирга, мурожаатчиларга қонунчилик ва амалдаги тартиблар асосида ҳуқуқий ва амалий тавсиялар берилди. Ҳамюртларимиз қабул жараёнидан миннатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати