Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сирдарё вилояти вакиллигининг "Ҳаж-умра" масалалари бўйича мутахассиси, Гулистон шаҳар "Исо уғли Мусо" жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир домла Суюнбоевга падари бузруквори Содиқжон ҳожи отанинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг охиратларини обод айлаб, жаннатдаги даражаларини юксак қилсин.
Ҳақ таоло марҳум отахоннинг барча яқинларига, хусусан, Баҳодир домла Суюнбоевга чиройли сабр берсин.
Жаноза бугун, 23 февраль куни соат 14:00 да Янгийўл тумани "Саховат" маҳалласи Янги турмуш кўчасида марҳумнинг хонадонида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати