Муборак Рамазон ойида инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, кам таъминланган ва эҳтиёжманд шахслар, ёрдамга муҳтож оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар белгилаб олингани эътиборга молик.
Жумладан, республикадаги 8 минг 992 та маҳаллада “еттилик” тавсияси асосида ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда 100 минг нафар ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий реестрга киритилган фуқароларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Рўйхатга киритилган фуқаролар таркиби асосан эҳтиёжманд аёллар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий реестрдаги фуқаролар, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турганлардан иборат экани эътиборли.

Мазкур фуқароларга давлат кўмаги сифатида 100 минг дона Рамазон совғалари тайёрланди. Ҳар бир совғада 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган (ун, ўсимлик ёғи, гуруч, шакар, макарон, гречка, хурмо, печенье, қора чой, ичимлик суви).
Транспорт вазирлиги билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари марказлашган ҳолда ҳудудларга етказилиб, ҳудудий омборларга жойлаштирилмоқда.
Туман (шаҳар) ҳокимлари бошчилигида, тегишли мутасаддилар иштирокида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, маҳсулотлар маҳаллаларда “еттилик” аъзолари ва фаоллар томонидан эҳтиёжманд оилаларга манзилли етказилишига эътибор қаратилади.
Айтиш керакки, республика бўйича (оила сони, маҳсулот тури ва миқдори кесимида) ягона ҳисобот юритилади.
Рамазон ойида барча маҳаллаларда эҳтиёжманд оилалар хонадонларида маҳалла раислари томонидан ифторлик дастурхонлари ташкил этилади. Унга жами 629 минг нафардан ортиқ обрў-эътиборга эга нуронийлар, кўча (уй) бошилар, ижтимоий дафтар ва “Ижтимоий реестр”даги фуқаролар жалб этилади.

Ифторликларда диний уламолар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шукроналик ҳиссини ошириш ва маънавий қадриятлар ҳақида маърузалар қилинади.
Ҳар бир маҳалладан 5 нафардан, жами 45 минг нафардан ортиқ камбағал оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланади. Ҳар бир маҳалладан 10 нафардан, жами 100 мингга яқин камбағал оилаларнинг томорқаларига сабзавот, полиз, картошка ва бошқа турдаги экинлар экилади.
20 минг нафар эҳтиёжманд оила аъзоларининг муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга саёҳатлари ташкил этилади. Барча маҳаллаларда кайвони ва ҳожи онахонлар иштирокида сумалак сайллари ўтказилади.
Мазкур хайрия ва маънавий-маърифий тадбирларни Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъуллигида барча маҳаллаларда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш чоралари кўрилади.
Н.Усмонова, ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йил учун обуна мавсумида фаол иштирок этиб, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган имом-хатиблар ва масъулларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Shamsuddinxon Boboxonov» нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари — Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда бош муҳаррир Абдужалил Ҳўжамов иштирок этдилар.
Тадбир давомида диний-маърифий нашрларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, уларни кенг оммага етказишда имом-хатиблар ҳамда масъулларнинг вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тадбир якунида обуна жараёнларида фаол иштирок этган бир гуруҳ имом-хатиблар ва масъулларга ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.