Ўзбекистон мусулмонлари идорасида навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Унда Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилди.
Мазкур жараёнда фуқаролар томонидан оилавий муносабатлар, хайрия ишларини ташкил этиш, ижтимоий кўмак ва бошқа масалаларда қилинган мурожаатлар тингланди. Эллик нафарга яқин мурожаатчининг ҳар бири билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Айрим мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар тегишли бўлим ва масъул ходимларга йўналтирилди.
Шу билан бирга, мурожаатчиларга қонунчилик ва амалдаги тартиблар асосида ҳуқуқий ва амалий тавсиялар берилди. Ҳамюртларимиз қабул жараёнидан миннатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати