Муборак Рамазон ойида Дубайдаги “Union Coop” гипермаркетлари тармоғи 10 000 дона маҳсулот нархини 75 фоизга пасайтиради. Чегирмалар, “Русские Эмираты” матбуоти хабарига кўра, энг истеъмол талаб озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўлланилади. Чакана сотувчиларнинг таъкидлашича, чегирмалар маҳсулот сифатига таъсир қилмайди.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари аҳолиси Рамазон ойида бир қатор ўзгаришларни кутишмоқда. Aввало, давлат ва хусусий сектор ходимларининг иш куни икки соатга қисқартирилади. Ушбу қоида барча дин вакилларига тааллуқлидир ва бу иш ҳақининг камайишига олиб келмайди. Мактаб ўқувчилари ҳам қисқартирилган жадвалда ўқишади: душанбадан пайшанбагача соат 08:00 дан 13:00 гача, жума кунлари эса соат 8:00 дан 11:30 гача. Рўзадорлар учун жисмоний тарбия ва сузиш дарслари бекор қилинади, мусиқа дарслари чолғу асбобларидан фойдаланмасдан ўтказилади. Ўқитувчилар ҳам уй вазифасини камайтиради. Супермаркет ва озиқ-овқат дўконлари одатдагидан бироз узайтирилган вақт тартибида ишлайди. Кўпгина тамаддихоналар рўза кунлари иш вақтини саҳарликгача узайтиради.
Бирлашган Араб Aмирликлари Aстрономия жамияти раиси Иброҳим ал-Жарвоннинг маълумотларига кўра, мамлакатда Рамазон бу йилнинг 23 мартида бошланиб, Рамазон Ҳайити 21 апрель, жума куни бўлиши кутилмоқда. Шундай қилиб, Рамазон 29 кун давом этади.
Рамазон ойи рўзасини тутишнинг ўртача давомийлиги 14 соатни ташкил этиб, рўзадорлар Рамазон ойининг бошида 13 соат 30 дақиқа, охирги ҳафтасида эса деярли 14 соат 13 дақиқа рўза тутадилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати