Ўзбекистонда фаолият юритаётган устоз сифатида кейинги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар алоҳида эътиборга лойиқ эканини таъкидламоқчиман. Айниқса, маънавий-маърифий ҳаётни юксалтириш, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ташаббуслар ўзининг амалий самарасини кўрсатмоқда.
Жорий йилги муборак Рамазон ойида давлат томонидан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган маблағлар, жойларда ифторлик ва хайрия тадбирларининг кенг ташкил этилаётгани жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтириши шубҳасиз. Бу тарихда ҳам кўп кўрилган натижа. Мамлакат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган эзгу ишлар халқ фаровонлиги йўлида давлат ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, диний таълим муассасаларини ривожлантириш, масжидларни обод этиш, имом-хатиблар ҳамда соҳа вакилларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам изчил давом этмоқда. Маърифий тарғибот ишларининг замонавий ёндашувлар асосида йўлга қўйилиши эса, айниқса, ёш авлоднинг соғлом ва тўғри билим олишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда яшаётган бир хорижлик инсон сифатида айтишим мумкинки, мазкур ислоҳотлар жамиятда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Шайх Аҳмад Ражаб Аҳмад Адавий,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати