Бугунги ахборот асрида инсон онги ва қалби учун кураш янги босқичга чиқди. Айниқса, диний қадриятларга ҳурмат кучли бўлган жамиятларда кишиларнинг муқаддас туйғуларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, яъни манипуляция ҳолатлари тез-тез бўй кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқлар бундай таъсир ўтказишнинг энг қулай майдонига айланиб қолди.
Диний ҳиссиётлар орқали оммани жунбушга келтирувчилар, одатда, холис таҳлил ва илмий асосларга эмас, балки инсоннинг эҳтиросларига урғу берадилар. Уларнинг асосий қуроли эмоционал чақириқлардир. Масалан, бирор ижтимоий муаммони диний бўёқлар билан бўрттириш орқали одамларда ҳимояланиш ёки агрессия инстинктини уйғотишади.
Бундай вазиятда инсон ақл билан фикрлашдан тўхтайди ва ўзи билмаган ҳолда фитначиларнинг қўлидаги қуролга айланади. Ваҳоланки, Ислом дини ҳар бир хабарни текширишга ва ақл билан иш тутишга чақиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Бугунги кунда етарли илми бўлмай, аммо нотиқлик маҳорати билан оммани эргаштираётган қатлам шаклланди. Улар кўпинча мураккаб фиқҳий ёки ақидавий масалаларни юзаки ва популистик тарзда талқин қиладилар. Бунинг натижасида жамиятда ихтилоф пайдо бўлади, уламоларга нисбатан ишончсизлик уйғотилади.
Диний ҳиссиётларни суиистеъмол қилиш жамиятни ичдан емиради. Биринчидан, бу жараён ёшларни манипуляция қилади. Иккинчидан, жамият мувозанатини бузишга қаратилган хуружларга йўл очади. Энг ёмони, бундай ҳаракатлар диннинг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик ва маърифат эканини четга суриб, уни низолар манбаи сифатида кўрсатишга хизмат қилади.
Бундай хавфларга қарши энг самарали раддия, бу саводхонликдир. Ҳар бир мусулмон ахборот гигиенасига амал қилиши, интернетда эшитган ҳар қандай таъсирли гапни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилмаслиги лозим.
Дин нажот ва сакинат манбаи бўлиб, кимларнингдир ғаразли ёки шахсий манфаатлари йўлида қўлланиладиган бошқарув воситаси эмас. Муқаддас туйғуларимизни виртуал фирибгарлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати