Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Солиҳлар йўлида собитлик

02.03.2026   18094   4 min.
Солиҳлар йўлида собитлик

Насиҳат

Шайх Сулаймон ибн Халаф Божийнинг фарзандларига васияти

Етук фақиҳ, имом ва ҳофиз Шайх Сулаймон ибн Халаф Божий раҳимаҳуллоҳ фарзандларига васият қила туриб, уларга ҳаётда ҳар бир мўмин киши билиши зарур бўлган кўплаб насиҳатларни беради. Мазкур ўгитлар сиз азиз ўқувчиларимиз учун манфаатли бўлишини инобатга олиб, журналимиз саҳифаларида бериб боришни лозим топдик.


Шайх Сулаймон ибн Халаф раҳимаҳуллоҳ айтади:

Эй фарзандларим! Батаҳқиқ, сизнинг зиммангизга фарзи айн бўлган амаллар таклифи (шариат юклатган масъулият) тушадиган ёшга етдингиз. Мен эса сизларни насиҳатни англайдиган, тўғри йўлни фарқлай оладиган, таълим олиш ва илм эгаллашга муносиб ёшга етганингизни билдим. Шунинг учун сизларга васиятимни очиқ баён этишим лозим.


Гапларимга эътиборли бўлиб, кўрсатмаларим ва насиҳатларимга амал қилинг. Мен сизларни ҳеч қачон ёмонликка буюрмаганман. Мен кўрсатган йўлдан юринглар ва баён қилган ҳолатларимдан ўрнак олинглар.


Шуни билингларки, бизлар – Аллоҳ таолонинг фазли билан – наслимизга етган тўғрилик, диний етуклик, поклик ва ҳаё билан тўлиқ яшаган одамлар авлодиданмиз. Яъни Айюб ибн Вориснинг авлодлари. Улар шундай зотларки: бобомиз Саъд, ундан кейин Саъднинг фарзандлари: Сулаймон, Халаф, Абдурраҳмон ва Аҳмаддур. Уларнинг орасида энг солиҳи, диндори, тақво ва ибодати билан ажралиб турган киши сизларнинг боболарингиз – Халаф эди. У киши ўзининг катта обрўси, мавқеи ва дунёсининг кўплигига қарамай, молу дунёдан юз ўгирган, камтар ҳаёт кечирган киши эди.


Энди бу ишларни давом эттириш сизнинг зиммангизга тушади. Шундай экан, уларнинг йўлидан бошқа йўлни тутманглар, уларнинг ҳолатидан бошқасига рози бўлманглар. Агар улардан ҳам юқори даражага етишга қодир бўлсангиз, бундан фақат ўзингизга фойда. Аммо ундай бўлмаса, ҳеч қурса уларнинг даражасидан ортда қолманглар. Агар насиҳатларимга амал қилсангиз, солиҳлар йўлида собит турасиз, дунё ва охиратда яхшилик топасиз.


Васиятларимнинг энг муҳими – Аллоҳга иймон келтириш


Сизларга биринчи васиятим – Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандларига қилган васиятларидир: “Эй фарзандларим! Аллоҳ сизлар учун бу динини танлади. Бас, фақат мусулмон бўлган ҳолингиздагина вафот этинглар” (Бақара сураси, 132-оят). Шунингдек, Луқмон алайҳиссаломнинг фарзандига қилган насиҳатидир: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирма! Чунки ширк – албатта улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).


Сизларга бу борадаги насиҳатимни қаттиқ тарзда таъкидлайман, қайта-қайта эслатаман. Бу динга боғланишингиз ва уни маҳкам ушлашингиз учун жон куйдираман. Дунё ишларининг ҳеч бири Аллоҳ таоло бизга ато этган бу диндан сизларни ажратиб қўймасин. Бу дин учун жонларингизни фидо қилишингиз керак, унда дунё мол-мулкини аямаслигингиз лозим. Чунки бу динсиз кофир киши дўзахга тушса, унга ҳеч қандай яхшилик фойда бермайди. Мўмин киши бу дин билан жаннатга киради, унга ҳеч қандай ёмонлик зиён қилмайди: “Кимки исломдан бошқа дин истаса, ундан ҳеч қачон қабул қилинмайди ва у охиратда зарар кўрувчилардан бўлади” (Оли Имрон сураси, 85-оят).


Агар сизлар Аллоҳ таоло танлаган бу динда вафот этсангиз, умид қиламанки, биз жаннатда қайта учрашамиз – у ерда нафрат ҳам, ажралиш ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло менинг ўша учрашувга бўлган шавқу завқимни ҳам билади. Шу билан бирга, сизлардан бирортангиз йўлдан озиб, фитна сабаб адашиб қолишингиздан қаттиқ хавотирда эканлигимни ҳам билади. Агар шундай бўлса, Аллоҳнинг ғазаби уни қамраб олади ва ҳалокат жойига етказади. Абадий дўзах унга муқаррар бўлади. У ҳолда адашган киши солиҳ аждодлари билан жаннатда бирга бўлолмайди, оталари, ота-боболарининг салоҳияти унга наф бермайди: “Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқинг ва яна шундай бир кундан қўрқингки, у кунда на ота ўз фарзандига фойда беради, на фарзанд отага. Албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизларни алдамасин. Ва шайтон – алдамчи – сизларни Аллоҳдан чалғитмасин (Луқмон сураси, 33-оят).


(Давоми бор.)

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

таржимаси

"Ҳидоят" журналининг 2026 йил 3-сонидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

14.09.2026   24103   1 min.
Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:

«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».

Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари