Сўнгги йилларда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва молиявий хизматларни оммалаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён диний муассасалар фаолиятида ҳам ўз аксини топиб, масжидларга хайрия қилиш ва коммунал тўловларни амалга ошириш тизими рақамлаштирилмоқда.
Бугунги кунда Payme ва Click тўлов иловалари орқали “Хайрия” бўлимида масжидлар ва жамоат ташкилотларига онлайн маблағ ўтказиш имконияти мавжуд. Фойдаланувчи иловада тегишли ташкилотни танлаб, ихтиёрий миқдордаги маблағни Uzcard ёки Humo карталари орқали амалга оширади. Барча операциялар электрон чек ва тўлов тарихи орқали тасдиқланади.
Шунингдек, Domo иловаси орқали айрим ҳудудларда масжидларнинг электр энергияси, газ, сув ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловларини онлайн тарзда амалга ошириш имконияти яратилган. Бу эса қарздорликни назорат қилиш, ҳисоб-китобларни тизимли юритиш ва ортиқча қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади.
Рақамли ечимлар масжидлар фаолиятида молиявий шаффофлик, тезкорлик ва самарадорликни таъминлаб, фуқаролар учун қулай шарт-шароит яратади. Келгусида мазкур хизматлар кўламини янада кенгайтириш кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларига амалий ечимлар берилмоқда.
Жумладан, бугун, 11 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги қабулни ўтказиб, таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам сўраб келган фуқаролар билан самимий суҳбатлашди.
Мурожаатчиларнинг оилавий муносабатларда келганларига муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу эзгу анъана нафақат марказий идорада, балки юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам давом эттирилмоқда. Зеро, инсонлар оғирини енгил қилиш – асосий мақсадимиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати