Шу йил, 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳар "Ракат" жоме масжидидаги таровеҳ намозида иштирок этиб, жамоатга Рамазони шариф фазилати, тинчлик-осойишталикни қадри тўғрисида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари масжидга йиғилган мўмин-мусулмонларга бу йил Рамазони шариф юртимизда ўзгача шукуҳда ўтаётгани, бир ойгина меҳмон бўлган ғанимат ойнинг раҳмат даҳаси ҳам тугаб, иккинчи ўн кунлик – мағфират даҳаси бошлангани, айни кунларда Аллоҳ таолодан кўпроқ офият сўраш лозимлиги, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”, дея марҳамат қилганларини баён этдилар.
Шунингдек, дуолар қабул бўладиган фурсатларда Ҳақ таолодан дунёнинг кўплаб ҳудудларидаги нотинчликлар тез орада барҳам топиши ва юртимиздаги тинчлик-осойишталикни бардавом бўлишини сўраш, ушбу неъматнинг қадрига етиш лозимлигини қайд этдилар.
Манфаатли суҳбат якунида Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолодан барчага икки дунё саодатини насиб қилишини сўраб, элу юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
#xabar #taroveh #muftiy
https://t.me/shayx_nuriddinxoliqnazar/2689
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти Асака тумани "Хазрати Умар" жоме масжиди имом хатиби Муҳаммадсобир домла Иминовнинг волидаи меҳрибонлари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Муҳаммадсобир домла Иминовга ҳамдардлик билдиради.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси