Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ ва самимий мулоқотлар фуқароларнинг муаммоларини бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кўплаб масалалар жойида ва ижобий ҳал этилмоқда.
Хусусан, бугун, 4 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Мулоқот давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра зиёратлари, диний таълим тизими, оилавий муносабатлар ҳамда ижтимоий кўмакка оид мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қабулда оилавий масалалар юзасидан келганларга шаръий ечимлар ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган юртдошларимиз Диний идора раҳбариятига миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби қабул жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ва жоме масжидларида имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати