Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалар ҳамда тизимдаги ўқитувчи-мударрислар номидан Тошкент шаҳридаги "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди имом ноиби Одил домла Дўсматовга волидаи муҳтарамасининг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун юртимизга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли институти ўртасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро тузилма билан амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ICESCO кафедраси фаолият юритмоқда. Жорий йилда Тошкентда ташкилотнинг офиси очилди. Февраль ойида Ислом олами маданий мероси қўмитасининг навбатдаги йиғилиши якунларига кўра, мамлакатимизнинг 7 та моддий ва номоддий мерос объекти ICESCO рўйхатига киритилди.
Мулоқотда маданий ёдгорлик ва қўлёзмаларни реставрациялаш, муҳофаза қилиш ҳамда рақамлаштириш, юртимизнинг бой тарихий меросини халқаро медиа платформалари орқали кенг тарғиб қилиш, шунингдек, қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Салим ал-Маликни юксак мукофот – “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.