Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.
Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.
– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.
Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:
– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.
Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Она сути одатда уч хил: оқ, қаймоқсимон ва сариқ рангда бўлади.
Нима сабабдан она сути турли хил ранг бўлади ва улар бир-биридан қандай фарқ қилади?
Чақалоқ 4-5 соат давомида овқатланмаганида, она сути таркибидаги сув ва лактоза миқдори ошади ва ёғ миқдори камаяди. Яъни, онанинг танаси чақалоқ сувсизланаётганини сезади ва сут таркиби ўзгаради. Субҳаналлоҳ...
Буларнинг барчаси ўз-ўзидан содир бўладими? Албатта, йўқ, бу – Аллоҳнинг қудрати, иродаси ва ҳикмати ила бўлади.
Бу борада швециялик иммунолог Ларс Ҳенсон (Lars Hanson) ва биолог Питер Ҳартман (Peter Hartmann) йиллар давомида тадқиқотлар олиб боришган ҳамда содир бўлган жараёнлардан ҳайратга тушишган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз” (Наҳл сураси, 78-оят).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД