Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2026   |   22 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:59
Хуфтон
21:35
Bismillah
09 Июн, 2026, 22 Зулҳижжа, 1447
Мақолалар

Йўлдаги воқеа

10.03.2026   10013   1 min.
Йўлдаги воқеа

Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.

Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.

– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.

Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:

– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.

Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.

 

Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қабристонда сеҳру жоду қилиш

09.06.2026   525   3 min.
Қабристонда сеҳру жоду қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Қабристонларда сеҳру жоду қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда шунга муносабат билдирсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сеҳр қаерда қилинса ҳам, динимизда таъқиқланган, ҳаром ишлардан ҳисобланади. Бу ишни ҳалол деб қилаётганлар имонидан ажрайди ва катта гуноҳга қолади. Сеҳргар – охиратда насибаси йўқ кишидир. Бу иш билан шуғулланадиганлар кеч бўлмасдан, ўлим ёқадан тутмасдан туриб, тезда тавба қилишлари лозим бўлади.

“Сеҳр” арабча сўз бўлиб, “келиб чиқиши махфий нарса”, “бирор нарсани аслидан бошқача қилиб кўрсатиш” маъноларини билдиради (“Мўъжамул васит” китоби).
Сеҳр – ношаръий сўзлар билан тугунларга дам солиш ёки сеҳрланадиган кишига юзма-юз келмасдан ҳам унинг бадани, қалби ва ақлига таъсир қиладиган ишларни қилишдир.
Сеҳрнинг инсон жисмига зарарли таъсири мавжуд. Қуйидаги ояти каримада сеҳргарларнинг одамларга етказадиган зарари ва у фақат Аллоҳнинг изни билангина бўлиши ҳақида бундай дейилади:

فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُمْ بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللَّهِ

“Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар” (Бақара сураси 102-оят).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ сеҳр қилиш ҳаром амал эканига ижмоъ бўлганини ривоят қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еттита ҳалок қилувчи гуноҳни санаб, Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақ одам ўлдириш каби катта гуноҳлар ўртасида сеҳрни зикр қилдилар:

اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا هُنَّ قَالَ الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَالسِّحْرُ وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَأَكْلُ الرِّبَا وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ (رواه الامام البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه)

“Етти ҳалок этувчидан четланинг”. Одамлар: “Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш ва солиҳа, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, агар сеҳр қилувчи тавба қилмаса, охиратда қаттиқ азобга қолади. Ҳанафий уламоларимиз сеҳргар сеҳр амалини қилиши билан диндан чиқади, дейдилар. Бу эса, Аллоҳ паноҳ берсин, дўзахда абадий қолиш деганидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنْفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُون

“Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”.

Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалийлар сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфр эканини айтадилар. Бунинг далили қуйидаги ояти карима:

وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولاَ إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلاَ تَكْفُرْ

(У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар” (Бақара сураси 102-оят).
(“Қувайт фиқҳ энцеклопедияси” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар