Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.
Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.
– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.
Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:
– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.
Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.
Акбаршоҳ Расулов
Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.
Сарфланган маблағлар тақсимоти:
225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;
28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.
Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:
Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;
Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;
Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;
Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм.
Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати