Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.
Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.
– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.
Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:
– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.
Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.
Акбаршоҳ Расулов
Ҳижрий 256 йил муҳаддислар султони Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ вафот этди.
Самарқанд яқинидаги Ҳартанг номли кичик қишлоққа минглаб одамлар олимнинг дафн маросимига шошилишди. Имом Бухорийнинг муборак жасади ерга қўйилган лаҳзада, тупроқдан хушбўй ҳид тарқала бошлади. Одамлар илгари ҳеч ҳидламаган, мушкдан ҳам ёқимли бир ҳид атрофга ёйилди...
Ғайриоддий бу мўъжизага минглаб одамлар уч кун давомида ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди. Кўпчилик инсонлар ҳайратга тушиб, кўз ёшларини тия олмай, қайта-қайта “Субҳаналлоҳ” деб айтардилар.
Бу воқеа ҳақидаги хабар зудлик билан бутун дунёга тарқалди. Орадан неча асрлар ўтса ҳам бу воқеа “яшаб” келмоқда. Бу ҳодиса айни ҳақиқат, асло тўқима эмас...
Бу воқеадан хабар топганлар тупроқдан ҳовучлаб олиб кета бошладилар. Бир кун ичида шунчалик кўп тупроқ олиб кетилдики, эртаси куни қабрни яна қайта тўлдиришга эҳтиёж туғилди. Бу воқеа эртаси куни ва ундан кейинги кун ҳам такрорланди.
Уч кун кетма-кет ёқимли ҳид тарқалди. Узоқ юртлардан хушбўй ҳидни олиб кетиш учун келган оломон кўпайгани сабабли қабрни қайта-қайта тўлдириш керак бўлди.
Ниҳоят, олимлар бу мўъжиза одамларни бидъатга олиб боришидан хафсираб, Аллоҳдан ҳидни тугатишини сўраб дуо қилдилар. Ва ўша куни хушбўй ҳид чиқиши тўхтади.
Бу минглаб одамлар гувоҳ бўлган воқеа эди...
Бу ғайриоддий воқеа Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг вафотларидан кейин бўлган бўлса, у зот тириклик вақтларида ҳам бир қанча “мўъжизавий” ҳолатлар кўп учраган. Масалан, денгиздаги синов ва минг динор олтиндан тақво қилганлари, ҳар бир ҳадисни қоғозга туширишдан олдин таҳорат олиб, (нафл) намоз ўқишлари, илм учун 14 минг км. йўлни босиб ўтганлари ва яна жуда кўп бошқа ҳодисалар ҳам “мўъжиза” эмасми?
Аллоҳ таоло муҳаддисни мағфират айлаб, жаннатнинг юқори даражалари билан мукофотласин.
Даврон НУРМУҲАММАД