1. Савол: Худонинг борлигига далил нима?
Жавоб: 1. Худога ишониш инсоннинг фитрати (туғма мойилликлари ва хусусиятлари)да бордир. Ҳозирги позитив ва ижтимоий илм-фан диний ҳис-туйғу инсонда фитрий эканлигини кўрсатмоқда. Гўдакда икки ёшдан бошлаб диний-эътиқодий ҳис шакллана бошлайди. Бола уч ва беш ёшлар орасида сабабият қонунини тушунади. Ўзи билан бошқаларнинг фарқига боради, ҳатто: “Мени, қушларни, ўйинчоғимни ким ясаган?” – деб сўрай бошлайди. Инсонда туғилишидан Яратувчига нисбатан мойиллик, соғинч бордир.
Инсон фитрий ҳиссиётлар билан ўзининг очлигини сезади, демак, очлик ҳодисаси мавжуд. Инсон фитрий ҳиссиётлар билан Худонинг борлигини ҳис этади, бу эса Худонинг мавжудлигига далолат қилади.
Баъзан бу фитрат жамиятдаги (нотўғри тарбия, атроф-муҳитда ботилнинг ғолиблиги ва даъвати хобиса каби) монелар ёки (кибр, инод, қайсарлик ва ғафлат сингари) нафсоний тўсиқлар билан тўсилади, инсон ҳақиқатни кўролмай қолади. Лекин қаттиқ мусибатлар шамоли бу тўсиқларни учириб, инсон фитратини озод қилади. Натижада, инсон дарров Аллоҳга қайтади, Унга ёлворишга тушади.
Инсоннинг ич-ичида, замирида бошқа туғма мойилликлар қатори Худога ишониш, ундан ёрдам сўраш каби илоҳий туйғулар мавжуд. Инсон ички ҳиссиёти билан очлиги, тўқлиги, севиши, нафратланишини сезиши бу туйғуларнинг ҳақиқатан мавжудлигига далолат қилади. Инсон замиридаги Худога бўлган ишонч ҳисси ҳам Унинг борлигига шубҳасиз далолатдир.
2. Мантиқ ва фалсафа қоидалари ҳам Худонинг борлигини исботлайди. Бу олам олдин йўқ эди, кейин пайдо бўлди. Кейин вужудга келган барча нарсалар бир пайдо қилувчига муҳтож. Демак, олам ҳам бир яратувчига муҳтождирки, бу яратувчи барча нарсага қодир Аллоҳдир.
3. Худони инкор қилувчилар бу олам ўз-ўзидан, тасодифан пайдо бўлган, дейишади. Ҳолбуки, оддий бир стол ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас. У олдин дарахт эди, кейин тахта қилинди, сўнгра уста ундан стол ясади. Ахир шу оддий стол ўз-ўзидан пайдо бўлолмагач, бизни қамраб олган ўта мураккаб ҳамда мукаммал тизимларни ташкил қилувчи саноқсиз юлдуз ва галактикалардан иборат улкан коинот қандай қилиб ўз-ўзидан пайдо бўлсин?!
Масалан, фақат қуёш тизимининг катталигини кўриб чиқайлик. Қуёш бу тизимнинг марказидир. Ердан 150 миллион километр узоқликда. Бир сонияда ерни 7,5 марта айланиб чиқадиган ёруғлик қуёшдан бизгача 8,5 дақиқада етиб келади. Соатига 1000 км тезлик билан учадиган самолёт қуёшга 17 йилда етиб боради. Қуёш ҳам бутун тизими билан биргаликда бошқа марказ атрофида айланади.
4. Бир киши эрталаб туриб ҳаммомга кирганида, иссиқ сув, сочиқ, совун каби ювиниш воситаларини тахт қилиб қўйилган ҳолда топади. Албатта, у рафиқаси ё бошқа биров барвақт туриб, бунинг ғамини қилган, деб тушунади. Борингки, буни ўз-ўзидан бўлиб қолган, тасодиф деб ҳам фараз қилайлик.
Бу одам ювиниб чиқиб, хонасига кирса, кийимлари дазмолланиб, турли пишириқлар билан тузалган ва иссиқ чой дамлаб қўйилган. Энди энг аҳмоқ одам ҳам аниқ биладики, бу рафиқаси ё уйдагилардан бирининг иши. Чунки бундай жиддий амалларнинг пайдар-пай тасодифан бўлавериши асло мумкин эмас. Худди шунингдек, атроф-муҳитдаги шарт-шароитлар, курраи замин, балки бутун коинот ҳаётимиз учун мослаштирилиб, аниқ меъёр билан ўлчаб қўйилган. Ажабо, буларни ким қилган?
Ер ва коинотнинг ҳаётимиз учун мослаштириб қўйилганига баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.
Қуёш ҳозирги жойидан кўра ерга бир оз яқинроқ бўлса эди, она сайёрамиз ёниб кетиб, яшашга имкон топилмасди. Салгина узоқлашса, ердаги бор нарса музлаб қолиб, заминимиз ҳаёт учун яроқсиз бўларди.
Ернинг қуёш атрофида айланиш тезлиги бир оз камайса, қуёшнинг тортиш кучи билан унга яқинлашиб, куйиб кетарди. Аксинча, тезлиги бир оз ошса, узоқлашиб, музлаб қолган бўларди. Ҳозир ер билан қуёш орасидаги масофа ерда ҳаёт бўлиши учун айнан мосдир.
Ер атмосферасидаги ҳаво таркибидаги кислород, водород, азот, аргон, карбонат ангидрид ва бошқа газлар мавжуд. Шунингдек, уларнинг нисбати инсон, ҳайвонот ва ўсимликлар ҳаёти учун мосдир. ернинг тортишиш кучи кўпроқ бўлганда, атмосферада хавфли миқдорда аммиак ва метан йиғилиб қолар эди.
Агар ер қобиғи қалинроқ бўлганида эди, кислороднинг катта қисми атмосферадан унга ўтиб кетарди.
Ерни ким айнан шу тезликда юргизмоқда?
Сайёралар орасидаги масофани ердаги ҳаёт учун ким мувофиқ қилиб қўйди?
Ер атмосферасидаги газлар нисбатини ким яшаш учун мослаб қўйди?
Буларнинг барчасини қудрат ва илм соҳиби бўлган Аллоҳ қилмоқда.
5. Кимё лабораторияси мисоли: Фараз қилинг, бир кимё лабораториясидасиз. У ерда токчалардаги турли махсус идишларда ҳар хил моддалар турибди. Бирдан кучли шамол кўтарилиб, бутун идишларни ерга ағдариб юборди. Уларнинг ичидаги моддалар тўкилиб, бир-бирига аралашиб кетди. Тасодифан уларнинг ҳар қайсиси бир дардга шифо бўлиб қолди: баъзиси қувват берувчи, баъзиси витамин, баъзиси даво бағишловчи. Қўққисдан ўз-ўзидан минглаб шундай фойдали дори-дармонлар пайдо бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ер юзидаги ўсимликлар, чорвалар ҳам шу моддаларга ўхшайди. Баъзиси дори, баъзиси витамин, баъзиси қувват, баъзиси озиқдир. Булар ҳам ўз-ўзидан бўлиши мумкинми?
6. Тўкилган бўёқлар мисоли: Бир столда турли бўёқлар турган эди. Бир куни ўтаётиб, столга тегинганингизда, буёқлар ерда ётган бир қоғозга тўкилиб кетди. Ажабналарлиси шуки, у қоғозда тасодифан ниҳоятда чиройли расм гавдаланади. У бир боғнинг расми. Боғнинг ўртасида катта бир уй. Уйнинг атрофида турли дарахтлар. Бир дарахтнинг тагида сўрида мўйсафид набираси билан ўтирибди. Расм ниҳоятда аниқ ва равшан. Жажжи набирасининг ўйнаётганидан хурсандлиги мўйсафиднинг юзида акс этиб турибди. Ҳовлининг бошқа томонида боланинг онаси ўчоқда таом пиширмоқда. Бўёқлар тўкилиб тасодифан шундай мураккаб ва тафсилотли расм намоён бўлиши мумкинми? Сиз айтасизки: соддароқ бир шакл ифодаланиши мумкин. Лекин бундай мураккаб расм пайдо бўлишини ақл бовар қилмайди.
Келинг, бундан ҳам мураккаброқ расмга, яъни воқеий оламга қарайлик. Ҳайвонот, наботот, инсон, ер, бошқа сайёралар, галактика ва коинот. Мана шу мураккаб расмдан кичик бир қисмини олиб, кўриб чиқайлик. Масалан, инсон тасвирини. У чиройли ва муносиб шаклга эга: бош, тана, қўл, оёқ. Инсон аъзолари вазифа эътиборидан уч қисмдир:
а) ҳаётий аъзолар – юрак, мия, орқа мия, нафас органлари – уларсиз инсон яшай олмайди;
б) муҳим аъзолар – қўл, оёқ, кўз, қулоқ, қисман буйрак – инсон уларсиз яшаши мумкин;
в) ҳусн берувчи аъзолар – қош, киприк, соч, кўз ранги, лаб ранги кабилар.
Маълум бўладики, инсон танасидаги ҳар бир аъзонинг вазифаси ва мақсади бор. Мана шу барча ички ва ташқи органлар, нафас олиш, қон айланиш, асаб тизимлари билан инсон юқорида зикр этилган расмдан миллион марта мураккаброқдир. Инсоннинг икки ўлчамли расми шунчаки тасодиф туфайли пайдо бўлмас экан, миллион марта мураккаброқ уч ўлчамли инсон қандай қилиб тасодифан вужудга келсин?
Ҳайвонот, наботот ва жамодот олами қай йўсинда ўз-ўзидан пайдо бўлсин?
Коинотда тизимли ва ҳамоҳанг равишда ҳаракатланаётган миллиардлаб сайёра – юлдузлардан ташкил топган галактикалар қандай қилиб тасодифан пайдо бўлсин?
Борлиқдаги ҳамма нарса муайян тартиб, низом ва ҳамоҳангликка эга. Буларнинг барчаси ўта қудратли Яратувчидан ҳабар бермоқда.
“Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор” (Оли Имрон сураси, 190-оят).
(Давоми бор...)
“Соғлом эътиқод – мўминга нажот” китобидан
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ