Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июл, 2026   |   4 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:00
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:57
Хуфтон
21:29
Bismillah
18 Июл, 2026, 4 Сафар, 1448

Худонинг борлигига далил нима?

10.03.2026   12097   8 min.
Худонинг борлигига далил нима?

1. Савол: Худонинг борлигига далил нима?

Жавоб: 1. Худога ишониш инсоннинг фитрати (туғма мойилликлари ва хусусиятлари)да бордир. Ҳозирги позитив ва ижтимоий илм-фан диний ҳис-туйғу инсонда фитрий эканлигини кўрсатмоқда. Гўдакда икки ёшдан бошлаб диний-эътиқодий ҳис шакллана бошлайди. Бола уч ва беш ёшлар орасида сабабият қонунини тушунади. Ўзи билан бошқаларнинг фарқига боради, ҳатто: “Мени, қушларни, ўйинчоғимни ким ясаган?” – деб сўрай бошлайди. Инсонда туғилишидан Яратувчига нисбатан мойиллик, соғинч бордир.

Инсон фитрий ҳиссиётлар билан ўзининг очлигини сезади, демак, очлик ҳодисаси мавжуд. Инсон фитрий ҳиссиётлар билан Худонинг борлигини ҳис этади, бу эса Худонинг мавжудлигига далолат қилади.

Баъзан бу фитрат жамиятдаги (нотўғри тарбия, атроф-муҳитда ботилнинг ғолиблиги ва даъвати хобиса каби) монелар ёки (кибр, инод, қайсарлик ва ғафлат сингари) нафсоний тўсиқлар билан тўсилади, инсон ҳақиқатни кўролмай қолади. Лекин қаттиқ мусибатлар шамоли бу тўсиқларни учириб, инсон фитратини озод қилади. Натижада, инсон дарров Аллоҳга қайтади, Унга ёлворишга тушади.

Инсоннинг ич-ичида, замирида бошқа туғма мойилликлар қатори Худога ишониш, ундан ёрдам сўраш каби илоҳий туйғулар мавжуд. Инсон ички ҳиссиёти билан очлиги, тўқлиги, севиши, нафратланишини сезиши бу туйғуларнинг ҳақиқатан мавжудлигига далолат қилади. Инсон замиридаги Худога бўлган ишонч ҳисси ҳам Унинг борлигига шубҳасиз далолатдир.

2. Мантиқ ва фалсафа қоидалари ҳам Худонинг борлигини исботлайди. Бу олам олдин йўқ эди, кейин пайдо бўлди. Кейин вужудга келган барча нарсалар бир пайдо қилувчига муҳтож. Демак, олам ҳам бир яратувчига муҳтождирки, бу яратувчи барча нарсага қодир Аллоҳдир.

3. Худони инкор қилувчилар бу олам ўз-ўзидан, тасодифан пайдо бўлган, дейишади. Ҳолбуки, оддий бир стол ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас. У олдин дарахт эди, кейин тахта қилинди, сўнгра уста ундан стол ясади. Ахир шу оддий стол ўз-ўзидан пайдо бўлолмагач, бизни қамраб олган ўта мураккаб ҳамда мукаммал тизимларни ташкил қилувчи саноқсиз юлдуз ва галактикалардан иборат улкан коинот қандай қилиб ўз-ўзидан пайдо бўлсин?!

Масалан, фақат қуёш тизимининг катталигини кўриб чиқайлик. Қуёш бу тизимнинг марказидир. Ердан 150 миллион километр узоқликда. Бир сонияда ерни 7,5 марта айланиб чиқадиган ёруғлик қуёшдан бизгача 8,5 дақиқада етиб келади. Соатига 1000 км тезлик билан учадиган самолёт қуёшга 17 йилда етиб боради. Қуёш ҳам бутун тизими билан биргаликда бошқа марказ атрофида айланади.

4. Бир киши эрталаб туриб ҳаммомга кирганида, иссиқ сув, сочиқ, совун каби ювиниш воситаларини тахт қилиб қўйилган ҳолда топади. Албатта, у рафиқаси ё бошқа биров барвақт туриб, бунинг ғамини қилган, деб тушунади. Борингки, буни ўз-ўзидан бўлиб қолган, тасодиф деб ҳам фараз қилайлик.

Бу одам ювиниб чиқиб, хонасига кирса, кийимлари дазмолланиб, турли пишириқлар билан тузалган ва иссиқ чой дамлаб қўйилган. Энди энг аҳмоқ одам ҳам аниқ биладики, бу рафиқаси ё уйдагилардан бирининг иши. Чунки бундай жиддий амалларнинг пайдар-пай тасодифан бўлавериши асло мумкин эмас. Худди шунингдек, атроф-муҳитдаги шарт-шароитлар, курраи замин, балки бутун коинот ҳаётимиз учун мослаштирилиб, аниқ меъёр билан ўлчаб қўйилган. Ажабо, буларни ким қилган?

Ер ва коинотнинг ҳаётимиз учун мослаштириб қўйилганига баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

Қуёш ҳозирги жойидан кўра ерга бир оз яқинроқ бўлса эди, она сайёрамиз ёниб кетиб, яшашга имкон топилмасди. Салгина узоқлашса, ердаги бор нарса музлаб қолиб, заминимиз ҳаёт учун яроқсиз бўларди.

Ернинг қуёш атрофида айланиш тезлиги бир оз камайса, қуёшнинг тортиш кучи билан унга яқинлашиб, куйиб кетарди. Аксинча, тезлиги бир оз ошса, узоқлашиб, музлаб қолган бўларди. Ҳозир ер билан қуёш орасидаги масофа ерда ҳаёт бўлиши учун айнан мосдир.

Ер атмосферасидаги ҳаво таркибидаги кислород, водород, азот, аргон, карбонат ангидрид ва бошқа газлар мавжуд. Шунингдек, уларнинг нисбати инсон, ҳайвонот ва ўсимликлар ҳаёти учун мосдир. ернинг тортишиш кучи кўпроқ бўлганда, атмосферада хавфли миқдорда аммиак ва метан йиғилиб қолар эди.

Агар ер қобиғи қалинроқ бўлганида эди, кислороднинг катта қисми атмосферадан унга ўтиб кетарди.

Ерни ким айнан шу тезликда юргизмоқда?

Сайёралар орасидаги масофани ердаги ҳаёт учун ким мувофиқ қилиб қўйди?

Ер атмосферасидаги газлар нисбатини ким яшаш учун мослаб қўйди?

Буларнинг барчасини қудрат ва илм соҳиби бўлган Аллоҳ қилмоқда.

5. Кимё лабораторияси мисоли: Фараз қилинг, бир кимё лабораториясидасиз. У ерда токчалардаги турли махсус идишларда ҳар хил моддалар турибди. Бирдан кучли шамол кўтарилиб, бутун идишларни ерга ағдариб юборди. Уларнинг ичидаги моддалар тўкилиб, бир-бирига аралашиб кетди. Тасодифан уларнинг ҳар қайсиси бир дардга шифо бўлиб қолди: баъзиси қувват берувчи, баъзиси витамин, баъзиси даво бағишловчи. Қўққисдан ўз-ўзидан минглаб шундай фойдали дори-дармонлар пайдо бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ер юзидаги ўсимликлар, чорвалар ҳам шу моддаларга ўхшайди. Баъзиси дори, баъзиси витамин, баъзиси қувват, баъзиси озиқдир. Булар ҳам ўз-ўзидан бўлиши мумкинми?

6. Тўкилган бўёқлар мисоли: Бир столда турли бўёқлар турган эди. Бир куни ўтаётиб, столга тегинганингизда, буёқлар ерда ётган бир қоғозга тўкилиб кетди. Ажабналарлиси шуки, у қоғозда тасодифан ниҳоятда чиройли расм гавдаланади. У бир боғнинг расми. Боғнинг ўртасида катта бир уй. Уйнинг атрофида турли дарахтлар. Бир дарахтнинг тагида сўрида мўйсафид набираси билан ўтирибди. Расм ниҳоятда аниқ ва равшан. Жажжи набирасининг ўйнаётганидан хурсандлиги мўйсафиднинг юзида акс этиб турибди. Ҳовлининг бошқа томонида боланинг онаси ўчоқда таом пиширмоқда. Бўёқлар тўкилиб тасодифан шундай мураккаб ва тафсилотли расм намоён бўлиши мумкинми? Сиз айтасизки: соддароқ бир шакл ифодаланиши мумкин. Лекин бундай мураккаб расм пайдо бўлишини ақл бовар қилмайди.

Келинг, бундан ҳам мураккаброқ расмга, яъни воқеий оламга қарайлик. Ҳайвонот, наботот, инсон, ер, бошқа сайёралар, галактика ва коинот. Мана шу мураккаб расмдан кичик бир қисмини олиб, кўриб чиқайлик. Масалан, инсон тасвирини. У чиройли ва муносиб шаклга эга: бош, тана, қўл, оёқ. Инсон аъзолари вазифа эътиборидан уч қисмдир:

а) ҳаётий аъзолар – юрак, мия, орқа мия, нафас органлари – уларсиз инсон яшай олмайди;

б) муҳим аъзолар – қўл, оёқ, кўз, қулоқ, қисман буйрак – инсон уларсиз яшаши мумкин;

в) ҳусн берувчи аъзолар – қош, киприк, соч, кўз ранги, лаб ранги кабилар.

Маълум бўладики, инсон танасидаги ҳар бир аъзонинг вазифаси ва мақсади бор. Мана шу барча ички ва ташқи органлар, нафас олиш, қон айланиш, асаб тизимлари билан инсон юқорида зикр этилган расмдан миллион марта мураккаброқдир. Инсоннинг икки ўлчамли расми шунчаки тасодиф туфайли пайдо бўлмас экан, миллион марта мураккаброқ уч ўлчамли инсон қандай қилиб тасодифан вужудга келсин?

Ҳайвонот, наботот ва жамодот олами қай йўсинда ўз-ўзидан пайдо бўлсин?

Коинотда тизимли ва ҳамоҳанг равишда ҳаракатланаётган миллиардлаб сайёра – юлдузлардан ташкил топган галактикалар қандай қилиб тасодифан пайдо бўлсин?

Борлиқдаги ҳамма нарса муайян тартиб, низом ва ҳамоҳангликка эга. Буларнинг барчаси ўта қудратли Яратувчидан ҳабар бермоқда.

 “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор” (Оли Имрон сураси, 190-оят).

(Давоми бор...)

 

“Соғлом эътиқод – мўминга нажот” китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Hauptstadtecho”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази глобал интеллектуал платформага айланмоқда

16.07.2026   14398   1 min.
“Hauptstadtecho”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази глобал интеллектуал платформага айланмоқда

Германиянинг “Hauptstadtecho” оммабоп электрон нашрида 7–11 июль кунлари юртимизда бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаатига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда форум иштирокчилари мамлакатимизда ислом цивилизациясининг бой илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолагани таъкидланган.

Мурожаатда 50 дан ортиқ мамлакатнинг халқаро ташкилотлари, илмий ва таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлар, муфтийлар, олимлар ва экспертлари номидан Ўзбекистон раҳбарига чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлик билдирилган.

Форум давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилгани, у глобал илмий ва гуманитар ҳамкорлик учун муҳим майдонга айлангани қайд этилган. Президентнинг форум қатнашчиларига йўллаган мурожаатида илгари сурилган ғоя ва тамойиллар анжуман кун тартибини белгилаб, самарали халқаро илмий ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратгани таъкидланган.

Шунингдек, форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилиши унинг тарихий ва илмий аҳамиятини янада оширгани, бу заминда асрлар давомида илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика ва астрономия каби илмлар ривож топгани алоҳида эътироф этилган.

Форум иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида баҳолаган.

Мурожаат якунида Ўзбекистон заминида қабул қилинган қарорлар тинчлик, маърифат, ўзаро ҳурмат ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ислом цивилизациясининг бой маънавий ва интеллектуал меросини келгуси авлодларга етказишга хизмат қилишига ишонч билдирилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари