Варшавада муборак Рамазон ойига бағишланган ватандошлар учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари билан биргаликда Варшавада мамлакатимиз ватандошлари учун маънавий-маърифий учрашув ташкил этди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Мазкур тадбирда Польшада истиқомат қилувчи ва таҳсил олаётган ватандошлар иштирок этди.
Иштирокчилар муборак Рамазон ойининг инсон ҳаётидаги аҳамияти, шунингдек, миннатдорчилик, сабр-тоқат, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби фазилатларнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, ватандошлар ушбу муборак кунларда ўзларига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорчилик билдиришди ва энг яхши эзгу тилакларини муҳтарам Юртбошимиз ва барча Ўзбекистон халқига етказишни сўрашди.
Ушбу учрашувнинг ватандошлар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлашга ва миллий ва маънавий қадриятларни асрашга ҳиссасини қўшишлиги таъкидланди.
И.Аҳмедов тайёрлади.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати