Саҳобалар айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сариёғ ва хурмони яхши кўрар эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Хурмо кам калорияли мева ҳисобланиб, унда бор-йўғи 23 кило калория мавжуд. Бироқ хурмонинг таркибида инсон организми учун зарур бўлган 30 га яқин турдаги аминокислоталар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти бошқа меваларда учрамайди.
Шунингдек, у калий, магний, темир, мис ва витаминлар айниқса B6га бойдир.
Хурмо организмдаги холестерин даражасини пасайтириш орқали юрак касалликлари хавфини камайтиради. Ичак фаолиятини яхшилайди ва қабзиятнинг олдини олади. Уни мунтазам истеъмол қилиш ичак микрофлорасини соғломлаштиришга хизмат қилади.
Хурмо таркибидаги калий қон босимини меъёрлаштиришга ва юрак функциясини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Унда B6 витамини ва антиоксидантлар миядаги яллиғланиш жараёнларини камайтиради, хотирани мустаҳкамлайди, фикрлаш қобилиятини яхшилайди.
Таркибидаги глюкоза, фруктоза ва сукроза каби табиий шакарлар туфайли хурмо организмга энергия беради. Шу сабабли у жисмоний чарчоқ пайтида ва ифторликда энг яхши озуқа ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар.
Хурмо таркибидаги калций, магний ва фосфор суякларни мустаҳкамлайди ва остеопороз каби касалликлар хавфини камайтиради. Ундаги антиоксидантлар эса, тери қаришини секинлаштиради ва унинг эластиклигини сақлайди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладорлик даврида мунтазам хурмо истеъмол қилиш туғруқ жараёнини осонлаштиришга ёрдам беради.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқотларни изчил ташкил этиш орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилишда самарали тизим йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 25 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов томонидан ўтказилган навбатдаги қабул ҳам ана шу эзгу ишларнинг изчил давоми бўлди. Унда мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг масаласи алоҳида диққат билан тингланиб, ечимлари юзасидан чоралар кўрилди.
Қабул давомида оилавий муносабатлар, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиш, шунингдек, масжидлар фаолиятига оид саволлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, моддий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Бундай очиқ мулоқотлар аҳоли ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг дарду ташвишларига бефарқ бўлмасликни намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати